Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Қашқадарёда дўконларни буздираётган туман ҳокими ўринбосари ёқиб юборилди

Қашқадарёнинг Яккабоғ тумани ҳокими ўринбосари Мансур Туймаев (1976 йилда туғилган, суратда) “Ҳисор Сарлочин” компаниясига тегишли савдо дўконларини бузиш ишларини ташкиллаштираётган вақтда, мазкур жамиятда ишловчи фуқаро Б.И. (1963 йилда туғилган) ўзига тегишли савдо дўконини бузилишига фаол қаршилик кўрсатиб, Туймаевнинг юзига елим идишда бўлган бензинни сепиб, уни ёқиб юборган. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди, деб ёзмоқда “Халқ сўзи”.

Матбуот хизматига кўра, ҳодиса оқибатда туман ҳокими ўринбосари танасининг 35-40 фоизи куйиб, шифохонага ётқизилган. Фуқаро Б.И.га нисбатан эса туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 25, 97-моддаси 1-қисми (қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган ва у ушланган.

Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.