Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Қишлоқ хўжалигига билим ва инновациялар татбиқ этилади

Президентмизнинг 2021 йил 3 февралдаги “Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар тизими ҳамда замонавий хизматлар кўрсатишни янада ривожлантириш тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш бўйича вилоят ҳокимлигининг чора-тадбирлар режаси белгиланди.

Фармон асосида қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар тизимини 2021-2025 йилларда устувор ривожлантириш концепцияси тасдиқланган. Концепцияда қишлоқ хўжалиги тармоқларида таълим, илм-фан, ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги субъектларига замонавий агрохизматлар кўрсатишнинг узвий тизимини ўзаро боғлайдиган қишлоқ хўжалиги билим ва инновациялар миллий маркази ташкил этилган. Қишлоқ хўжалиги соҳасида таълим, илм-фан ва ишлаб чиқаришнинг узвий интеграциясини таъминлаш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш ташкил этилган. 2021-2022 йилларда Миллий марказнинг вилоят агрохизматлар маркази, 2022 йилдан бошлаб босқичма-босқич қишлоқ туманларида Миллий марказнинг туман агрохизматлар марказлари ташкил этилади.

Ҳудудий ва туман агрохизматлари марказлари Жаҳон банкининг “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш” лойиҳаси доирасида ажратиладиган маблағларни жалб этган ҳолда ёки давлат-хусусий шериклик шартлари асосида ташкил этилади. Ўз фаолиятини ахборот ва маслаҳат хизматлари кўрсатиш тизими асосида амалга оширади.

Ҳудудий ва туман агрохизматлар марказлари хорижий тажриба асосида:

- қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият олиб бораётган кадрларнинг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш;

- ҳудуднинг қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши эҳтиёжларидан келиб чиқиб илмий ташкилотларга тайёр илмий ишланмалар ва тегишли илмий маслаҳатларга буюртмаларни шакллантириш;

- қишлоқ хўжалиги соҳаларининг долзарб йўналишлари бўйича тайёрланган илмий ишланмаларни ҳудудлар шароитига мослаштириш йўналишидаги тадқиқотларни амалга ошириш, унинг натижаларини бевосита қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи субъектларга етказиш;

- ҳудудлар аграр соҳаси асосий ихтисослашувидан келиб чиққан ҳолда халқаро тажрибалар ҳамда илмий фаолият натижаларини тижоратлаштириш;

- қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги барча хизматларни “ягона дарча” тамойили асосида амалга ошириш;

- қишлоқ хўжалиги субъектларига бевосита ва онлайн ҳамда “Сall-марказ” орқали хизмат кўрсатиш белгиланган.