Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

"Қизил китоб"га киритилган Бухоро хонгули ўлдирилганлиги юзасидан жиноят иши қўзғатилди

Фуқаро Д.Д. Жомбой тумани прокуратурасига мурожаат қилиб, унда 2021 йил 8 февраль куни "Зарафшон" миллий табиат боғи ҳудудида юрган вақтида мазкур боғ раҳбари ва 1-участка нозирлари Бухоро хонгулини отганини кўрганлигини, 9 февраль куни отган жойга бориб буғунинг бўлинган калла ва териларини кўриб, бу жойни видеотасвирга олганлигини баён қилиб, ушбу ҳолат юзасидан айбдор шахсларга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилиб, воқеа содир бўлган жой ҳамда "Зарафшон" миллий табиат боғи раҳбарига тегишли автомашина кўздан кечирилди.

Текширув натижасида ҳайвонот дунёсига 36 миллион 750 минг сўм зарар етказилганлиги аниқланди. Бу ҳолат инобатга олиниб, Жомбой тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 202-моддаси 3-қисми “ж” банди билан жиноят иши қўзғатилди. Айни пайтда дастлабки тергов ҳаракатларини олиб бориш учун ҳужжатлар Жомбой тумани ИИБ тергов бўлимига юборилди. 

Жиноят иши тергов жараёни Жомбой тумани прокуратураси томонидан назоратга олинди.

Самарқанд вилояти прокуратураси.