Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Қониқарсиз фаолият юритаётган амалдорларга маҳаллий Кенгашлар томонидан чора кўриш амалиёти жорий этилади

Бугун халқ депутатлари Жиззах вилояти Кенгаши депутатлари билан учрашган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева шу тўғрида сўз юритган.

Бу ҳақда Сенат сайтида хабар қилинди.

Парламент юқори палатаси Раиси ўз нутқида маҳаллий Кенгашлар олдида Президентимизнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасидан келиб чиқадиган долзарб вазифаларга тўхталиб, вилоят, туман, шаҳар Кенгашлари фаолиятини жонлантириш вақти келганлигига алоҳида урғу берган.

Қайд этилганидек, сайловчиларнинг ишончини оқлашда, Мурожаатномада белгилаб берилган вазифаларни амалга оширишда барча даражадаги депутатлардан катта масъулият талаб этилади. Энди халқ депутатлари Кенгашлари ҳам, уларнинг доимий комиссиялари ҳам ўз иш услубларини тубдан ўзгартиришлари лозим. Яқин ва узоқ истиқболдаги вазифалар ижросини таъминлаш, халқ фаровонлигини юксалтириш, сайловчилар томонидан сайловолди учрашувларида кўтарилган муаммоларни ҳал этиш билан изчил шуғулланиш улар иш фаолиятининг бош мезонига айланиши даркор.

Сенат Раиси ўз нутқида энди ҳар ойда маҳаллий Кенгашларда давлат органи раҳбарларининг аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, қонун, фармон ва қарорларда белгиланган вазифаларни ижро этиш юзасидан масъул идора ва ташкилотларнинг ахборотлари эшитилиб, фаолияти қониқарсиз деб топилган раҳбарларга тегишли чоралар кўриш амалиёти жорий этилиши зарурлигини таъкидлаган. Президентимиз томонидан Кенгаш сўрови институтини жорий этиш таклифи киритилгани ва бу бўйича ҳам қонунчиликка ўзгартириш киритиш юзасидан ишлар бошлангани хусусида сўз юритган.

– Янги Ўзбекистонни барпо этиш фақат мақсаднинг ўзигина эмас, аниқ ҳаракатларда ўз аксини топаётир, – деди Сенат Раиси Т.Норбоева. – Сўнгги йилларда эркинлик, очиқлик ҳаётимизнинг мазмунига айланиб бораётганлигини халқимиз энди ўз ҳаётида ҳис этмоқда. Бу мамлакатимизда олиб борилаётган демократик ислоҳотлар самарасидир. Бугунги кунда одамлар эмин-эркин ўз муаммоларини давлат идоралари олдига кўндаланг қўймоқда. Депутатлар ана шу ўзгаришларнинг ташкилотчиси, ташаббускори бўлмоғи керак. Бунинг учун халқ депутатлари кенгашлари катта ваколатларга эга.

Шу билан бирга, мулоқот чоғида депутат сўрови, жамоатчилик назоратини кучайтириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламига ғамхўрликни ошириш, жойларда депутатлар хонаси фаолиятини йўлга қўйиш ва бошқа масалалар юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилган.