Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Қорасув масканида Баҳодир Ялангтушбий маҳалласи ташкил этилди ва лифтдаги носозлик тузатилди

Жорий йилнинг 25 ноябрь куни Zarnews.uz сайти сайтида "Қорасувдаги янги "дом"ларда эски муаммолар - лифтни ким тузатади, ширкат, маҳалла қачон тузилади?" сарлавҳали танқидий мақола эълон қилинди.

Масалалар юзасидан шуни маълум қиламизки, кузатилган ҳолат Самарқанд шаҳар уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бўлими мутасаддилари томонидан ўрганилди ва 72-уй лифтининг тўхтаб қолишига электр энергиясидаги қисқа узилишлар сабаб бўлгани аниқланди. Бугунги кунда бинолар учун ташкил этилган таъмирлаш-тиклаш хизмати томонидан зарур чоралар кўрилиб, лифтлар фаолияти қайта тикланди.

Самарқанд шаҳар ҳокимлиги томонидан Қорасув аҳолиси учун ширкат ташкил этиш масаласи  кўриб  чиқилган. У "Aгромир билдинг" МЧЖ томонидан барпо этилган кўп қаватли уй-жойлар (жумладан, лифт ускуналари)нинг техник паспортлари тайёрлаб топширилганидан сўнг бошқарув сервис компанияси ташкил қилинади.

Дарвоқе, Қорасув масканида жойлашган 12-16 қаватли уй-жойларда истиқомат қилувчи аҳоли учун Баҳодир Ялангтушбий маҳалла фуқаролар йиғини ташкил қилинган ва бу ҳақда ҳокимликнинг телеграм канали ҳамда бошқа ижтимоий тармоқларида ҳам эълон қилинган.

Эслатиб ўтамиз, Қорасув масканида жойлашган кўп қаватли уйларда истиқомат қилувчи фуқароларда коммунал хизматлар бўйича муаммолар бўлса, 1055 ва 1184 қисқа рақамли ҳамда 66 233-93-50 диспетчерлик хизматига мурожаат қилишлари мумкин. Уларнинг муаммолари тезда ўрганилади ва Самарқанд шаҳар уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бўлими томонидан қисқа муддатда тегишли тартибда бартараф этилади.

Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати.