Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Қорасувдаги кўп қаватли уйлар нархи нега қимматлашган?

Сайтимизда жорий йилнинг 18 август куни “Қорасувдаги аҳоли ҳаётидан рози бўлаяптими?” сарлавҳали мақола берилган эди.

Унда 2018 йилда дастур асосида қурилган уйлар ҳақида сўз юритилиб, уларнинг нархи бошланғич бадални шакллантириш мақсадида берилган нархга нисбатан қимматлашгани, бу ҳақда “Ўзшаҳар қурилиш инвест” инжиниринг компаниясининг жавоблари берилиши айтиб ўтилганди.

Компания мутасаддиларидан олинган жавобга кўра, Қорасувда қурилган кўп қаватли квартираларнинг дастлабки лойиҳа-смета ҳужжатларига бир қатор ўзгартиришлар киритилганлиги натижасида уйларнинг нархи ўзгарган.

Шунингдек, 2018 йил дастури доирасида қурилган уй-жойларнинг дастлаб берилган тахминий, яъни бошланғич бадални шакллантириш мақсадида берилган нархга нисбатан қимматлашишига қурилиш материаллари, анжомлари ва конструкциялари нархининг ошиши сабаб бўлган.

Бундан ташқари, берилган маълумотда қуйидагилар қайд этилган:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 20 ноябрдаги фармонига асосан 2017 йил 1 декабрдан бошлаб республикада энг кам иш ҳақи миқдори 15 фоизга, 2018 йил 2 июлдаги фармонига асосан, энг кам иш ҳақи миқдори 7 фоизга оширилгани ҳам уй-жой нархининг ошишига сабаб бўлган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 22 ноябрдаги қарорининг 7-банд, 3-хатбошисида молиялаштириш манбааларидан бири жисмоний шахсларнинг уйнинг умумий қийматига нисбатан 25 фоиз миқдоридаги бошланғич бадал маблағлари қилиб белгиланган эди.

Кам таъминланган аҳоли қатламини ижтимоий ҳимоя қилиш ва квартираларни қаватлар бўйича тақсимланишида суиистеъмолчиликларнинг олдини олиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 18 июлдаги қарорининг 6-банди билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 23 октябрдаги қарорининг 7-бандига ўзгартириш киритилиб, бошланғич бадалнинг ўртача миқдори уй-жойнинг умумий қийматига нисбатан 15 фоиз ҳажмда белгиланиб, бошланғич бадални табақалаштирилган миқдори амалиётга жорий қилинган. Жумладан, 7-қаватли уйларда 1-3 қават учун 20 фоиз, 4-қават учун 15 фоиз, қолган 5-7 қаватлар учун 10 фоиз миқдорида бошланғич бадал ундирилиши кўзда тутилган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 16 январдаги 14-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг 54-банди талабига кўра, квартираларни сотиш кўп квартирали уйни қуриш ёки реконструкция қилишни молиялаштириш бўйича харажатлар ҳисобга олинган ва уларни сотиш бўйича ҳужжатлар расмийлаштирилган ҳолда ҳар бир квартиранинг қиймати тўғрисидаги маълумотномалар асосида буюртмачи томонидан тақдим этилган нархлар бўйича амалга оширилиши кўзда тутилган.

Уй-жойлар қурилиш учун сарфланган ҳақиқий харажатларга кўра, уй-жойлардаги хонадонлар 1 метр квадрат майдонининг ўртача нархи 3 381,8 минг сўмдан 3 468,2 минг сўмгача бўлган миқдорни ташкил қилган.

Шунга кўра, уй-жойларнинг кадастр ҳужжатлари тайёр бўлишига параллел равишда нархлар ҳақидаги маълумотлар “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ, “Асака банк” АТБ ва “Ипотека банк” АТИБ ҳамда уларнинг Самарқанд вилояти филиалларига жорий йил 24 майдан 26 июнгача тегишли ҳужжатлар билан биргаликда уйларни сотиш ва ипотека кредитларини ажратиш учун юборилган.