Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Қўшработда “темир дафтар”га киритилган 50 нафар истеъмолчиларга суюлтирилган газ баллонлари бепул тарқатилди

Халқ депутатлари  Қўшработ тумани Кенгашининг навбатдаги сессиясида Энергетика вазирлигининг куз-қиш мавсумига тайёргарлик штаби томонидан 2020-2021 йилларда куз-қиш мавсумида аҳолини табиий ва суюлтирилган газ, кўмир билан таъминлаш бўйича белгиланган чора-тадбирлар ҳақида халқ ноибларига ахборот берилди.

Таъкидланишича, айни кунларда Самарқанд вилоятида суюлтирилган газ истеъмолчилари сони 479 339 тани ташкил этиб, куз-қиш мавсумида аҳолини мунтазам суюлтирилган газ маҳсулотлари билан таъминлаш учун 51 минг 332 тоннага яқин маҳсулот ажратилган. Бу кўрсаткич 2019-2020 йил куз-қиш мавсумига нисбатан 19 минг 887 тоннага кўп. Ўтган мавсумда ажратилган маҳсулот бир ойда ҳар бир хонадонга 10,8 килограмдан тўғри келган бўлса, жорий мавсумда суюлтирилган газ маҳсулотлари ҳар бир хонадонга 17,7 килограмдан тўғри келмоқда.

Шунингдек, штаб раҳбари томонидан Қўшработ тумани аҳолисининг 30 фоизи табиий газ, 70 фоизи эса суюлтирилган газ маҳсулотлари билан таъминланади. Қўшработ тумани вилоятнинг чекка ҳудуди бўлганлиги учун жорий йилда аҳоли хонадонларига хизмат кўрсатадиган янги газ тақсимлаш шохобчаси қуриб битказилиб, 1 сентябрдан ишга туширилди. Бундан ташқари, аҳолини куз-қиш мавсумида иссиқлик энергияси билан таъминлаш мақсадида ҳар бир истеъмолчига 700 килограмдан кўмир маҳсулотлари ажратилган.

Сессияда депутатлар томонидан бу йил қиш қаттиқ келиши кутилаётганлиги, аҳоли хонадонлари учун ажратилган кўмир маҳсулотларининг миқдори камлиги айтилиб, келгусида кўмир миқдорини маҳаллаларнинг эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда белгилаш таклифи ўртага ташланди.

Қолаверса, сессияда депутатлар томонидан табиий газ таъминотидаги муаммолар, жумладан, кейинги икки кунда нафақат Қўшработ тумани, балки вилоятнинг кўпгина ҳудудларида аҳоли томонидан газ босими пасайиб кетганлигидан шикоят келиб тушаётганлиги айтилди.

Бу йил пандемия туфайли барча ишлаб чиқариш соҳалари учун оғир йил бўлди. Вазирлар Маҳкамасининг махсус қарорида шу ҳақда белгилаб қўйилган. Аҳолида газ босими пасайиб кетдими, демак, биз улгуржи истеъмолчиларни узиб, бошқа муқобил энергияга ўтказиш, табиий газни биринчи навбатда аҳолига йўналтириш лозим.

Сессиядан сўнг Қўшработ тумани аҳолисига 170 тонна кўмир маҳсулотлари ва 8 тоннадан зиёд суюлтирилган газ маҳсулотлари тарқатилди.

Шунингдек, тадбир давомида Қўралос МФЙда яшовчи эътиборга муҳтож, ногиронлиги бор, “темир дафтар”га киритилган 2 нафар фуқароларнинг хонадонига газ плита, суюлтирилган газ тўлдирилган маиший газ баллон ва 300 килограмдан кўмир маҳсулотлари берилди. Бундан ташқари, 50 та кам таъминланган хонадонларга бепул маиший газ баллонлари ва 300 килограмдан кўмир маҳсулотлари беминнат етказиб берилди.

“Hududgaz Samarqand” газ таъминоти ахборот хизмати.