Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Қовунни ҳашаротдан қандай асраш мумкин?

Бозордан харид қилган қовунни оила даврасида дастурхонга тортай десангиз, айримларининг ичидан қурт чиқади. Илмий тилда айтганда, қовун пашшаси бизнинг шароитда мавсум давомида уч ва ундан ҳам кўп авлод қолдиради.

Ҳашарот қиш мавсумида 5-15 сантиметр тупроқ остида сохта ғумбак ҳолида қишлайди. Май-июнь ойларида, яъни қовун палакларининг гуллаши ва мева тугиши даврида учиб чиқади. Биринчи авлоднинг учиш муддати бир ой атрофида бўлади. Пашша қовун ёки тарвузнинг ёш ниҳоллари шираси билан озиқланади. Ҳар бир етилган наслдан кейин зараркунандаларда яна 23-30 кундан сўнг яна насл пайдо бўлади. Битта пашша қовун пўсти остига бир дона, ҳаммаси бўлиб 120 донагача тухум қўяди. 3-4 кундан сўнг тухумдан қурт чиқиб қовун (тарвуз)нинг юмшоқ қатламига илонизи йўл қолдирган ҳолда кириб боради ва озиқланади. Қурт оқ-сарғиш рангда бўлиб, узунлиги 5-12 миллиметр бўлади. Қурт қовун ичида 10 кун атрофида яшагандан сўнг у ерни тарк этади ва 15 сантиметр чуқурликда, тупроқ ичида ғумбакка айланади. Оқибатда, қовунлар пишмасдан далада чириб, айниб кетади.

Бу ҳашаротга қарши курашда аввало, агротехник тадбирлар сифатли ўтказилиши шарт. Феромон тутқичлар ёрдамида ҳашаротлар борлигини аниқлаб олгандан сўнг рухсат этилган инсектицидлар ёрдамида ишлов берилади. Кураш чораси сифатида таъсир этувчиси Лямбда-цигалотрин 100г/л бўлган KORATEK PLYUS 10 % (1,2-1,5 л/га) препарати нафақат қовун пашшаси балки полизлардаги бошқа ҳашарот зараркунадаларга қарши ҳам самарали таъсир кўрсатади.

Ҳосилни йиғиштириб олишдан камида 20 кун аввал кимёвий ишлов бериш тўхтатилади.

Акрам ФОЗИЛОВ,

вилоят ўсимликлар карантини давлат инспекцияси матбуот котиби.