Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Қудуқдан қизчани қутқариб олган қутқарувчи нега бу касбни танлагани ҳақида сўзлаб берди

Яқинда Навоий вилояти, Зарафшон шаҳрида қудуққа тушиб кетган қизалоқ ва унинг ҳаётини сақлаб қолингани ҳақида хабарлар тарқалганди. Вазифасидан келиб чиққан ҳолда шу жойга ўз вақтида етиб бориб, қизалоқни қутқарган Умиджон Ҳусанов билан суҳбатлашдим. Зарафшон шаҳар фавқулодда вазиятлар бўлими катта офицери, лейтенант Умиджон ёшлигидан одамларга, ёши катталарга ёрдам бериш ҳисси билан тарбияланганини айтиб ўтди.  Болалигида ўзи ҳам қудуққа тушиб кетишига бир баҳя қолган Умиджон бу ҳолатдаги қўрқувни эсда сақлаб қолган экан.

- Ушбу касбни ўзим қизиқиб танлаганман, деб айтдингиз, суҳбатимиз давомида. Қизиқишингизга бирор воқеа сабаб бўлганми?

- Ёшлигимда телевидение орқали қутқарувчилар фаолияти билан боғлиқ бир кўрсатув бўларди. Унинг ҳар бир сонини интиқлик билан кутар ва берилиб томоша қилардим. Хаёлимда ўзимни уларнинг ўрнида тасаввур қилиб кўрардим. Шу хаёлларим ниятга айланди, ният эса мақсадга. Айниқса, ўқишни битираётган йилим фавқулодда вазиятлар ходимлари билан учрашувдан сўнг мақсадим қатъийлаша бошлади.

- Ота-онангиз билан маслаҳатлашганмисиз?

- Тўғрисини айтсам йўқ. Сабаби, қизиқишим кучли, мақсадим қатъий эди. Оиламизда ҳарбий соҳада ишлаганлар бўлмаган. Шунинг учунми, оиламиздагиларнинг барчаси бу соҳани танлаганимдан ғурурланишди. Айниқса, Ҳусан бувам. У киши бир умр чўпонлик қилган. Аммо ҳалоллик, касбга муҳаббат, одамийликнинг илк билимларини шу кишидан ўзлаштирганман. Бировнинг молини ўз жонидан ҳам зиёд асрайдиган бобом биз учун ҳақиқий ибрат, ўрнак оладиган киши. Буни йиллар ўтиб, янаям яхшироқ англай бошлаяпман.

- Қутқарувчилар ҳақидаги кўрсатувларни берилиб томоша қилардим, дедингиз. Ўзингиз ҳам уларга тақлидан нималардир қилишга интилганмисиз?

- Аввало, кўча-кўйда сал оғирроқ сумка кўтариб юрган оналарни кўрсам, уларга албатта, ёрдам берардим. Буни шунчаки, бурчим деб билганман. Нуроний отахоналарга кўчада юришига ёрдам беришга ҳаракат қилардим.

- Қудуққа тушиб кетган қизчани қутқариш жараёнига ҳам тўхталиб ўтсангиз.

- Чақириқ бўлган заҳотиёқ зудлик билан воқеа жойига етиб бордик. Вазиятни тушуниб, дарҳол арқонни қудуққа тушириб, ўзим пастга туша бошладим. Аммо чуқурликни етарлича чамалай олмаган эканмиз, ип етмай қолди. Оёғимни деворга тираб, бор кучимни сарфлаб, қизчага қўлимни узатиб, тутиб, сўнг кўтариб олдим. Бахтимизга қизчанинг бирор жойи синмаган, лат емаган экан. Барибир шифокорларга кўрсатиб, аҳволи яхшилиги аён бўлгачгина хотиржам бўлдик.

- Қудуққа ҳеч қандай текширувларсиз кирдиларингизми?

- Боланинг йиғиси эшитилаётганининг ўзи қудуқ ҳақида етарли маълумот беради. Яъни, қудуқда сув йўқ, ҳеч қандай газ тўпланмаган ва унинг тахминий чуқурлиги ҳам маълум. Тезкор ишлашимиз лозим ва бундай вазиятлардаги аҳвол ортиқча ўйланиб ўтиришимизга изн бермайди, инсон ҳаётини тезкор қутқариб қолишимиз керак. Бу борада олган билимлар фавқулодда ҳолатларда яшин тезлигидай хаёлимизга келади ва шу бўйича ҳаракат қиламиз. Тўғриси, ўзим ҳам болалигимда қудуққа тушиб кетишимга бир баҳя қолганди, ўша пайтдаги қўрқув ҳалиям эсимда.

- Мураккаб вазиятлардаги хизматларингизда омад тилайман!

Муниса ШАМСИЕВА суҳбатлашди.