Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Расул Кушербаев ИИВ баёнотидан «шок»ка тушди

Қашқадарё вилояти ИИБда Чироқчи тумани ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими биносида фуқаро Ю.Абдураҳмоновнинг вафот этганлиги юзасидан брифинг ташкил этилди.

Олий Мажлис депутати Расул Кушербаев ИИВ баёнотидан «шок»ка тушди:

“Бугун мен учун ҳаммасидан ҳам ғалати ва шок хабар ички Ишлар вазири матбуот котибининг қуйидаги гаплари бўлди:

“ИИБ биносида одам ўлиши янгилик эмас. Бу табиий ҳолат, олдин ҳам бўлган. Айримлар ўз жонига қасд қилади, айримларнинг тоби қочиб қолади. Бу ҳолат ички ишлар вазирлиги томонидан назоратга олинади”. (Ҳар қалай контекстдан бузиб узиб олинмади).

Бу иқрорликми ё хатолик?

ИИБ биносида ҳам барча ишхоналарда бўлиши мумкин бўлган ҳолат, яъни шу ерда ишлаётган ходимнинггина бетоблиги учун фавқулодда тоби қочиб, иш жойида ўлиб қолишини табиий қабул қилиш мумкин, холос. Бошқаларнинг у ерда ўз жонига қасд қилиши, тоби қочиши ёки ўлиб қолиши табиий ходиса бўлиши мумкин эмас. Буни табиий қабул қилиш тоқат қилиб бўлмас вазият”, дейди депутат.

Кушербоев бундай баёнотлар бошқа савол ва шубҳаларни келтириб чиқаришини ҳам айтиб ўтган.

“Бундай баёнотлар ё ўйлаб берилсин, ёки берилгандан кейин уйғонадиган шубҳаларни изоҳлашга тайёр турилсин. Бўлмаса ўша гап...”, дея ёзди депутат телеграм каналида.

ИИВ матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов депутатнинг чиқишига қуйидагича жавоб берди:

"Шуни айтиш жоизки, илгари нафақат ички ишлар органлари, балки бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ўз фаолияти ёки жиноят ишлари бўйича жамоатчиликка ҳеч қандай маълумот беришмаган. Фуқароларимизга ахборот бериш амалиёти энди шаклланмоқда. Биз матбуот котиблари сифатида бунга эътибор қаратяпмиз. Мазкур брифинг ҳам охирги йилларда давлатимиз томонидан олиб борилаётган очиқлик сиёсатининг яққол намунасидир.

Брифингда фуқароларимизга етказилмоқчи бўлган асосий маълумот - бу ички ишлар органлари биносида одам вафот этиши билан боғлиқ факт, ҳар қандай вазиятда фавқулотда ҳолат деб қаралиши, бундай вазиятда зудлик билан алоҳида ишчи гуруҳ тузилиб, иш жараёнлари тўлиқ ўрганилиши ва ушбу ҳолатнинг келиб чиқиш сабаб ва шароитлари бартараф этилиши, айбдор ходимлар ва раҳбарлар эса муносиб жазоланиши муқаррарлиги эди. Айнан Қашқадарёда биз ушбу мақсадга эришдик, деб ўйлайман.

Брифинг бошидан якунигача журналист ва фуқаролар билан ошкора, самимий руҳда ўтганлиги, ички ишлар органлари ўзининг ахборот хизмати вакиллари орқали фуқароларга очиқлигини намойиш қилганлиги, журналистлар ва фуқароларнинг кўплаб саволлари ва муаммолари жойида ҳал этилганлигига эътибор қаратиш зарур, деган фикрдаман.

Ишонаманки, фуқароларимизга ахборот етказиш фаолиятидаги камчиликларимизни бартараф этишда жамоатчиликнинг соғлом танқидини доим инобатга оламиз. Депутатларимизнинг ҳам бу масалага эътибор беришлари ҳурматга сазовор бўлиб, ўйлайманки, биргаликда халқимиз олдидаги вазифаларимизни бажаришда бир-биримизга кўмакдош бўламиз".

Маълумот учун, Чироқчи туманида яшовчи 32 ёшли эркак А.Ю. 22 январь, чоршанба куни яшаш уйидан туман ИИБ ходимлари томонидан олиб кетилган. 23 январь, пайшанба куни эса ИИБ биносидан мурдаси чиққан. Марҳумнинг яқинларидан бири Баҳодир Холиқовнинг айтишича, марҳум А.Ю. Лангар қишлоғида ўғирланаётган чорва моллари ўғрилигида гумон қилинган.