Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарали иқтисодиёт: муаммо, таклиф ва ечим

Юртимизда ижтимоий-иқтисодий соҳаларни ислоҳ қилиш жараёни бошланганига уч йил тўлди. Шу вақт давомида иқтисодий муносабатларни такомиллаштириш, фаол инвестицион фаолият, инновацион ғояларни қўллаб-қувватлаш орқали аҳоли турмуш даражасини яхшилаш ва муносиб ҳаёт шароитларини яратиш, бандликни таъминлаш бўйича бирмунча ишлар амалга оширилди.

Лекин иқтисодий таҳлиллар кейинги йилларда ҳаётга татбиқ этилаётган чора-тадбирлар, жумладан, инвестицион фаолият, айрим йирик лойиҳаларнинг натижадорлиги кўнгилдагидек бўлмаётганлигини, иқтисодий фаолият самарадорлиги таъминламаётганини кўрсатмоқда. Натижада, инфляция суръатлари юқори даражада қолмоқда, аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш ва иқтисодиёт реал сектори доирасини кенгайтириш, иқтисодий ресурсларни, айниқса ер, сув ва бошка табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ишлари талаб даражасида бажарилмаяпти.

Буни рақамлар билан изоҳлашга ҳаракат қилиб кўрайлик.

Асосий капиталга жалб қилинган инвестицияларнинг ҳажми расмий маълумотларга кўра ҳар йили камида 30 фоизга кўпаймокда, ЯИМнинг ўсиш суръатлари эса 5-5,4 фоиздан ошмаяпти. Нега, биласизми? Чунки асосий эътибор иқтисодий самарадорликни таъминлайдиган омилларга эмас, бир-бирига боғланмаган, тарқоқ дастурларга қаратилмоқда. Дунёнинг кўпгина мамлакатлари ЯИМни 1-2 фоизга ўстириб, ҳам давлат, ҳам аҳоли манфаатларини тўлақонли қондираётганлиги биз учун ибрат бўлиши лозим. Қиёслаб айтадиган бўлсак, корхона ранг-баранг маҳсулотларни ўзлаштириб, ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтиришга эътиборни кучайтирса-ю, маҳсулот таннархи ва сифатини ижобий томонга ўзгартирмасдан ва узоқни кўзлаб фаолият олиб бормаса, рақобатга дош беролмай, ночор аҳволга тушиб қолиши мумкин.

Мамлакат учун давлат бюджети, бандлик ва инфляция даражаси, корхоналар учун фойда кўрсаткичи ҳал қилувчи мавқега эга бўлиши лозим. Хўш, нима учун Ўзбекистон иқтисодиётида вужудга келган ҳолатни ушбу мезонлар нуқтаи назаридан қониқарли, деб бўлмайди? Бунинг асосий сабаблари нимада?

Бунга ҳозирги кун амалиётида яққол кўриниб турган жараёнлар мисолида жавоб берамиз. Иқтисодиётни бошқаришда анъана бўлиб қолган ва салбий натижаларнинг асосий сабаби бўлган маъмурий-буйруқбозликка асосланган ёндашувларни таг-томири билан суғуриб ташлашнинг иложи бўлмаяпти. Бунга аграр соҳани бошқариш амалиётини мисол қилиб кўрсатиш мумкин. Ҳеч шубҳа йўқ, қишлоқ хўжалиги соҳасида бозор муносабатлари ҳукмронлик қилишига эришилганда 2018 йилда 600 минг тонна пахта, умумий ҳолда эса қиймати 1 миллиард долларлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг нисбатан кам етиштирилишига йўл қўйилмаган бўлар эди. Афсуски, бундай катта талофатнинг юзага келиш сабаблари чуқур таҳлил қилинмади, самарали фаолиятни таъминлайдиган комплекс чора-тадбирлар ҳам тузилмади. Аксинча, расмий статистик маълумотларда ялпи қишлоқ хўжалик маҳсулоти кўпайишига эришилди, деган хаспўшланган рақамлар келтирилди. Шунга қарамасдан, юқори суръатлар билан оширилган давлат харид нархлари таъсирида соҳанинг техник таъминоти масаласида туб ўзгаришлар вужудга келиши керак эди. Аммо бундай бўлмади.

Мамлакат иқтисодиётининг стратегик йўналишлари, локомотив ролини бажара оладиган соҳаларнинг ҳаммаси ҳам ҳозиргача аниқ белгиланмаган, маркетингга таяниб чуқур таркибий ўзгаришларни амалга оширишда сусткашликка йўл қўйилмоқда.  Аслини олганда, шундай вазифани тўқимачилик саноати бажариши мумкин, деб ҳисоблашга кўпгина асослар бор. Лекин жорий йилнинг биринчи ярмида ушбу соҳа корхоналари томонидан 800 миллион доллардан камроқ маҳсулот экспорт қилинган, бу эса ўтган йил натижаларига нисбатан ҳам камроқ. Соҳада бундай секин суръатлар билан ривожланиш давом этаверса, "йўл харита"си асосида мақсад қилиб олинган 7 миллиард долларлик экспорт маррасини келаси авлод зиммасига юклашга мажбур бўламиз.

Тармоқнинг келажакда самарали фаолият кўрсатиши ташқи омилларга эмас, кўпроқ ички омилларга боғлиқ. Ички истеъмолда эса ечимини кутаётган муаммолар талай. Масалан, "Ўзкимёсаноат" корхоналарининг аксарияти 30-40 йилдан бери техник жиҳатдан қайта жиҳозланмасдан фаолият кўрсатмоқда. Фойдаланилаётган асбоб-ускуналар маънан ва жисмонан эскирганлиги туфайли улар энергияни халқаро меъёрларга нисбатан анча кўп сарфлайди. Мамлакатимиз ЯИМнинг энергия сиғими бошқа ташкилий тузилиши ўхшаш бўлган мамлакатлардан 2-3 баравар юқори эканлигининг асосий сабаби ҳам шунда. Маъданли ўғитларни экспорт қилишдан олдин кимё саноати корхоналарига табиий газни жаҳон бозори нархларида етказиб беришни йўлга қўйсак, тармоқ нимага қодир эканлиги билинади. Ҳеч шубҳа йўқки, деярли текин энергия ресурсларидан фойдаланиб, шунда ҳам самарасиз ишлаётган корхоналарнинг асосий қисми банкротга учрайди. Мамлакатимизда эса тежалган электр энергияси ва табиий газни бошқа рақобатбардош соҳаларга ва аҳоли таъминотини яхшилашга йўналтириш имкони вужудга келади. Бошқача айтганда, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини жойлаштириш тизими илмий асосларга ўтказилса ва ҳар томонлама зарарли кимё маҳсулотларини ишлаб чиқариш кескин камайтирилса, халқимиз тоза нафас оладиган бўлади.

Яна бир ҳолатга эътибор қаратмоқчиман. Агар мамлакатнинг иқтисодий ривожланиш стратегияси ва соҳаларнинг таркибий тузилишини аниқлаш жараёни охиригача етказилмаган бўлса, хорижий экспертлар ва маҳаллий мутахассислар инвестиция манбалари, жумладан, энергетик ишлаб чиқариш қувватларини ошириш учун лозим бўлган маблағлар башоратини нимага асослаб ҳисоблаяптилар? Балки инвестицияларнинг юқори суръатлар билан ўсиб бориши ва ушбу фаолиятнинг самарадорлиги ўртасидаги номутаносибликнинг асосий сабаби ҳисоб-китоблардаги аниқликнинг йўқлигидадир. Бунақада кўп ўтмай, маркетинг тадқиқотларига асосланмаган ва ортиқча ишга туширилган корхоналар ишлаб чиқариш қувватларини ўзлаштира бошлайди. Оқибатда бир-бирига муаммо туғдириб, бора-бора банкротликка учрайди. Уларга жалб қилинган ташқи қарзлар эса келажак авлоднинг бўйнига тушади.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, марказий бошқарув органлари томонидан мамлакатимиз аҳолисини эртанги кунга ишонч билан қарашига қаратилган мақсадли қарорлар қабул қилиш пайти келди. Бунинг учун инвестицион фаолият самарадорлигини ифодалайдиган ва ташқи қарз ўсишини олдини олишга хизмат қиладиган чора-тадбирларни қайтадан кўриб чиқиш, маркетинг тадқиқотлари ёрдамида иқтисодиётнинг таркибий тузилишини рақобатбардошлик нуқтаи назаридан такомиллаштириш, инфляциянинг юқори суръатлари иқтисодий фаолиятнинг касаллигидан далолат берадиган сигнал эканлигини тан олиш ва уни статистик рақамлар ўйини йўли билан эмас, балки амалда жиловлашга эришиш зарур. Шунингдек, аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича аниқ комплекс дастурлар ишлаб чиқиш ва кундалик амалиётга дастурул-амал сифатида татбиқ этиш лозим. Мамлакатимизда кундан-кунга мураккаблашиб бораётган демографик ҳолат, атрофимиздаги халқаро муносабатларда вужудга келаётган кескинлик эскича ёндашувлардан иложи борича тезроқ воз кечишни тақозо этмокда. Айнан шундай муносабат Ўзбекистон равнақи йўлидаги ягона тўғри йўналиш, деган хулосани келтириб чиқаради.

Илҳом ВАФОЕВ,

иқтисодчи.