Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

“Samarkand Silk AO” хорижга қарийб миллион долларлик маҳсулот чиқарди

Самарқанд вилоятининг Нарпай тумани ҳокимлиги берган ахборотда қайд этилишича, 2019 йилнинг 1 август ҳолатига тумандаги экспорт қилувчи корхоналар сони 16 тага етган. Ушбу корхоналар томонидан 4 миллион 3 минг АҚШ долларлик саноат ва қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экспортга чиқарилган.

Туманда етиштириладиган ипак қуртини йиғиш ва қайта ишлаш ҳамда ярим тайёр маҳсулотни экспортга чиқариш мақсадида “SAMARKAND SILK AO” корхонаси ташкил қилинган. Корхонага қиймати 1,5 миллион долларлик замонавий стандарт талабларига мос келадиган ипак қуртини қайта ишлаш ва тола ишлаб чиқарувчи ускуналар ўрнатилган. Натижада бу ерда 70 га яқин янги иш ўрини яратилган.

Жорий йилнинг ўтган даврида корхона томонидан 978 минг долларлик маҳсулотлар Эрон ҳамда Хитойга экспортга чиқарилган.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш борасида ташландиқ ва самарасиз фойдаланиб келинаётган жами 280 гектар ер майдонида “INNOVASIYON BOGLARI” фермер хўжалиги фаолияти йўлга қўйилган. Хўжалик аъзолари мавжуд 130 гектар майдондаги узумзорга яна қўшимча 150 гектар янги токзор барпо этган. Натижада жорий йилнинг ўтган даврида 1 миллион 306 минг долларлик узум экспорти амалга оширилган.

Бундан ташқари, туманда 554 гектар (шундан 234 гектар янги) токзор мавжуд. 1036 гектар майдонга сабзавот, 89 гектар майдонга полиз, 499 гектар майдонга дуккакли экинлар экилган.

Ушбу экинлар ҳосилидан 22,5 минг тонна, қиймати 1 миллион 370 минг долларлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириб, экспортга чиқариш бўйича аниқ ҳисоб-китоблар ишлаб чиқилган.

Бугун туманда 5690 гектар ғалладан бўшаган майдоннинг 1800 гектарида такрорий экинлар экилган бўлиб, ҳосил (мош)ни экспортга чиқариш белгиланган. Бунинг учун туманда умумий ҳажми 2750 тоннага мўлжалланган 7 та музлаткичли омборхона ишлаб турибди. Йил якунига қадар ушбу музлаткичли омборхоналар сонини яна учтага кўпайтириш режалаштирилган.