Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

“Самарқанд давлат университети ходими 6000 доллар олаётганда “қўлга тушди” хабарига СамДУнинг раддияси

Бугун, 3 июль куни Zarnews.uz сайтида эълон қилинган хабарда Самарқанд вилояти давлат хавфсизлик хизмати ва ички ишлар бошқармалари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Самарқанд давлат университети ходими, 2020-2021 ўқув йили учун қабул комиссияси аъзоси бўлган катта ўқитувчи билан биргаликда икки нафар абитуриентни университетга ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, 6000 АҚШ доллари олаётган вақтда қўлга олинганлиги айтилган.

Самарқанд давлат университети маъмурияти ва кўп сонли профессор-ўқитувчилари жамоаси ушбу хабарда кўрсатилган маълумотларни қуйидагиларга кўра рад этади:

СамДУ ректорининг 2020 йил 13 июндаги “2020-2021 ўқув йили бўйича қабул комиссияси масъул котиби ва таркибини тайинлаш тўғрисида”ги 285-ij сонли буйруғига кўра, университет қабул комиссиясида Call ва маслаҳат маркази тузилган. Буйруқнинг 2-иловасида хабарномада “қабул комиссияси аъзоси”, деб кўрсатилган шахс Call-марказига санъатшунослик факультетидан аъзо сифатида бириктирилган, холос. У ҳеч қандай қабул комиссияси аъзоси эмас.

Ушбу буйруққа кўра, Call-марказга қуйидаги вазифалар юкланган:
1. Абитуриентлар ва уларнинг ота-оналарини қизиқтирган саволларга низом талаблари асосида тўғри ва тезкор жавоб қайтариш.
2. Call-марказга бириктирилган телефонларнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш.
3. Call-марказ телефонларига келиб тушган ҳар бир мурожаатни қайд этиш дафтарига киритиб бориш ва бошқалар.

Юқоридагиларга асосан, хабарда келтирилган шахс университет қабул комиссияси аъзоси эмаслигини тўлиқ рад этишимиз мумкин.
Энди икки оғиз сўз кириш имтиҳонларида коррупциявий ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган ишлар хусусида.

Ўтган давр мобайнида Самарқанд давлат университети маъмурияти абитуриентларни ўқишга қабул қилишда АДОЛАТ тамойилини ўрнатиш, шаффофликни таъминлаш, ушбу жараёнда коррупциявий ҳолатларга барҳам бериш бўйича Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига, Давлат тест марказига, вилоят прокуратурасига ўз таклифларини киритди ва булар асосида бир қатор ижобий ўзгаришлар амалга оширилди. Жумладан, 2020-2021 ўқув йили учун қабулда фанлар мажмуасига ўзгартириш киритилиб, ижодий имтиҳонлари бор таълим йуналишлари сони қисқартирилди.
Масалан:
- “ижтимоий иш” таълим йўналишида мавжуд бўлган касбий (ижодий) имтиҳон бекор қилинди. Эндиликда ушбу таълим йўналишини танлаган абитуриентлар тўлиқ тест синовларини топшириб, ўқишга киради;

- 2020-2021 ўқув йилида абитуриентларни ўқишга қабул қилиш учун Самарқанд давлат университети бўйича тест синовлари билан биргаликда касбий (ижодий) имтиҳон қабул қилинадиган “Маданият ва санъат муассасаларини ташкил этиш ҳамда бошқариш”, “Чақириққача ҳарбий тайёргарлик” таълим йўналишилари бўйича қабул бекор килинган. Мазкур таълим йўналишлари мавжуд бўлган олий таълим муассасаларида ҳам касбий-ижодий имтиҳонлар бекор қилиниб, эндиликда абитуриентлар фақат тест синовлари натижаларига кўра талабалар сафига қабул қилинадилар;

- жорий йилдан бошлаб ўқитиш тожик тили бўлган барча таълим йўналишларига абитуриентлар тўлиқ тест синовлари асосида қабул қилинади.

Бундан ташқари, ижодий имтиҳонлар асосида ўқишга қабул қилинадиган таълим йўналишларининг коррупцион жозибадорлигини кескин камайтириш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги таянч олий ўқув юртлар билан ҳамкорликда таълим йўналишлари бўйича фан дастурларини соддалаштириш юзасидан ишлар олиб борилмоқда. Унга кўра, абитуриент бир кунга келиб, имтиҳонни бир соатда топшириб кетади.

2. Фан комиссиялари ва аъзоларини тайинлаш. Фан комиссиялари раиси ва аъзолари Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг алоҳида буйруғи билан тайинланади. Бунда, ушбу олий таълим муассасаси профессор-ўқитувчилари ижодий имтиҳонларни қабул қилишда мутлақо иштирок этмайди. Яъни, Самарқанд давлат университети профессор-ўқитувчилари ва бошқа ходимларига СамДУда алоҳида иқтидор асосида ўқишга кириш имтиҳонларини қабул қилишларига йўл қўйилмайди. Бундай имтиҳонларни, Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг буйруғига асосан раис ва аъзолари иштирокидаги комиссиялар қабул қилади.

Яна таъкидлаб айтмоқчиман, бу йилги ижодий имтиҳонлар, биринчидан, тахминан икки баробар камайган. Иккинчидан, уларни қабул қилиш ва ташкил қилишда жамоанинг бирорта вакили қатнашмайди.

Ошкоралик ва жамиятимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлигига катта эътибор берилаётган бугунги кунда кимлардир ниманингдир эвазига қайсидир ОТМга ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилайтган экан, бундай иш унинг қўлидан келмаслигини, ўзи эса ашаддий фирибгар эканлигини барча билиши керак. Абитуриентларимиз уларнинг бундай ҳавойи сўзларига учмасдан, ўз билим ва иқтидорига ишонишлари лозимлигини таъкидлаймиз.

3. Кириш имтиҳонларига кенг жамоатчилик (маҳалла, нуроний жамғармалари ва бошқа жамоатчилик ташкилотлари вакиллари, депутатлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар) вакилларининг эркин қатнашишлари таъминланади.

Шу ўринда, қонунчилигимизда белгиланган қуйидаги ҳуқуқий меъёрларга диққатингизни қаратмоқчимиз:
Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодекси.

22-модда. Ҳақиқатни аниқлаш.
“... Иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатлар синчковлик билан, ҳар томонлама, тўла ва холисона текшириб чиқилиши керак. Ишда юзага келадиган ҳар қандай масалани ҳал қилишда айбланувчини ёки судланувчини ҳам фош қиладиган, ҳам оқлайдиган, шунингдек, унинг жавобгарлигини ҳам енгиллаштирадиган, ҳам оғирлаштирадиган ҳолатлар аниқланиши ва ҳисобга олиниши лозим”.

23-модда. Айбсизлик презумпцияси.
“Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи унинг жиноят содир этишда айбдорлиги қонунда назарда тутилган тартибда исботлангунга ва қонуний кучга кирган суд ҳукми билан аниқлангунга қадар айбсиз ҳисобланади...”.

Интернет сайтларида маълумотларни эълон қилишдан олдин ушбу маълумотлар тегишли бўлган муассасалардан аввал аниқлик киритиб олинса, ундан сўнг кенг халқ оммасига етказилса, мақсадга мувофиқ бўлишини эслатиб ўтамиз. Акс ҳолда, бундай масъулиятсиз хабарларни ОАВларда суд қароридан олдин эълон қилиш ва тарқатиш жамиятда ижтимоий муҳитни бузишдан бошқа нарса эмас.

Р.ХОЛМУРОДОВ,
СамДУ ректори.