Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанд мактаблари СамДУнинг 694 нафар битирувчисини иш билан таъминлаш бўйича шартнома тузган

Самарқанд давлат университети ташаббуси билан вилоят халқ таълими бошқармаси ҳамкорлигида университетни битираётган бакалавр ва магистрларни иш билан таъминлаш, мактабгача таълим ва умумтаълим муассасаларига юксак билим ва салоҳиятга эга кадрлар етказишга бағишланган ZOOM дастури орқали онлайн видеомулоқот бўлиб ўтди.

ZOOM дастури орқали ташкил этилган ушбу онлайн видеомулоқотда СамДУ ректори, профессор Рустам Холмуродов, университетнинг ўқув ишлари бўйича проректори Аҳмаджон Солиев, вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Саидаҳмад Усмонов, вилоят мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи ўринбосари Дилфуза Азизова, шунингдек, университет факультетлари деканлари, вилоят, туман ва шаҳар халқ таълими бўлимларининг кадрлар бўлими мутахассислари иштирок этди.

Мулоқотда СамДУ ректори, профессор Рустам Холмуродов бугунги кунда олий таълим муассасалари битирувчиларининг иш билан таъминланиши, уларнинг мутахассислиги бўйича юқори билим ва салоҳиятга эга бўлиши устувор вазифалардан бири эканлигини таъкидлади. Олий таълимни битираётган кадрларнинг чуқур билим ва кўникмага эга бўлиши соҳалар ривожи, жумладан, қуйи таълим тизимида замонавий билимга эга, баркамол авлодни вояга етказишнинг муҳим омили эканлигини қайд этди.

— Бугун университетимизни битираётган ҳар бир бакалавр, магистрнинг кейинги меҳнат фаолияти хусусида қатъий режалар белгилаб, вилоятнинг туман ва шаҳарларидаги мутахассисларга бўлган эҳтиёжи алоҳида инобатга олинмоқда, — деди Рустам Холмуродов. — Айни пайтда битирувчиларимизнинг ўз мутахассислиги бўйича билим, тажриба ва кўникмага эга бўлиши соҳаларда кадрлар сифат таркибини янада оширади. Негаки, соҳа ривожи салоҳиятли кадрга боғлиқ. Мактабгача таълим ва умумтаълим мактабларининг юксак салоҳиятли кадрлар билан таъминланиши ОТМга ҳам ҳақиқий билимли ўқувчилар қабул қилиниши, умуман, таълим сифати ва самарадорлигининг ортиб боришига хизмат қилади.

— Битирувчиларимизни доимий яшаш жойларига кўра, республика, вилоят ва туман-шаҳарлар кесимида таҳлил қилдик, — деди университетнинг ўқув ишлари бўйича проректори Аҳмаджон Солиев. — Жорий ўқув йилида 15 та мутахассислик бўйича СамДУни битираётган 1917 нафар бакалавр ва магистрларнинг 85 фоизи, аниқроғи 1812 нафари самарқандлик ёшлардир. Ушбу мутахассисларимизнинг эҳтиёжга кўра, ўзи туғилиб ўсган туман ёки шаҳардаги муассаса ва ташкилотлар ҳамда давлат идораларида меҳнат фаолиятини олиб бориши, биринчи навбатда, ҳудудларда малакали кадрларга бўлган эҳтиёжнинг сезиларли даражада камайишига олиб келади. Шу боис вилоят халқ таълими, мактабгача таълим бошқармалари билан доимий ҳамкорликда иш олиб бориш аксарият битирувчиларимизнинг ўз ўрнида иш билан бандлигини таъминлашга хизмат қилади.

Видеомулоқот давомида вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Саидаҳмад Усмонов, вилоят мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи ўринбосари Дилфуза Азизова ҳам бу борадаги таклиф, фикр ва мулоҳазаларини билдирди.

— Вилоятдаги умумий ўрта таълим мактабларида фаолият олиб бораётган ўқитувчиларнинг асосий қисмини Самарқанд давлат университетини битирган кадрлар ташкил қилади, — деди вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Саидаҳмад Усмонов. — Албатта, бошқармамиз ва университет ўртасидаги ҳамкорлик сабаб малакали кадрларга бўлган эҳтиёжимиз йилдан-йилга яхшиланиб бормоқда. Келгусида ушбу ҳамкорлик мустаҳкамланиши халқ таълими тизимида олий маълумотли ва тажрибали кадрларга бўлган эҳтиёж камайиб боришига замин яратади.

Таъкидлаш жоизки, айни пайтга қадар вилоят умумтаълим муассасаларида кадрларга бўлган эҳтиёжга мувофиқ, Самарқанд давлат университетининг 694 нафар битирувчисини иш билан таъминлаш бўйича шартнома тузилди. Энг муҳими, ушбу битирувчилар ишга қабул қилингач, вилоятнинг энг чекка ҳудудларидаги умумтаълим муассасаларида олий маълумотга эга ёш кадрларга бўлган эҳтиёж қаноатлантирилади.

Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати.