Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанд шаҳар Кенгаши депутатлари тўққиз ойда қандай ишлади?

Бугун демократик принцип ва тамойиллар асосида фуқаролик жамиятини ривожлантириш йўлида олиб борилаётган ислоҳот ва янгиланишлар сабаб Парламент ва маҳаллий Кенгашлар янгича шароит ва услубда фаолият олиб бормоқда.

Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаши фаолияти мисолида ҳам бу жараённи кузатиш мумкин. Кенгашнинг аксарият депутатлари бугун олиб борилаётган ислоҳотлар моҳиятини, Президентнинг талаб ва истакларини тушуниб, ҳар бир сессияда саволлар, таклифлар ва танқидий фикрлари билан фаол қатнашмоқда.

Рост, Кенгашнинг ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, ижро этувчи ҳокимият идоралари фаолияти устидан назорат ўрнатиш ва одамларни ўйлантираётган муаммоларни ҳал қилишдаги фаолияти давлатимиз раҳбарининг тавсия ва кўрсатмаларидан сўнг анча жонланди.

Хусусан, ўтган тўққиз ой давомида Кенгаш депутатлари одамлар муаммоларини ҳал этиш мақсадида мутасаддиларга 144 та сўров юборган. Шундан 47 фоизи ижобий ҳал этилган, қолган сўровлар ҳозирги вақтда ижрода.

Шу кунга қадар 14 та сессия ўтказилиб, 35 га яқин раҳбарларнинг ахборотлари тингланди. Қайд этиш лозимки, барча ҳисоботлар ҳам маъқуллангани йўқ. Мисол учун, Кенгашнинг еттинчи сессиясида шаҳар молия бўлими раҳбарининг, ўнинчи сессияда шаҳар бандлик бўлими раҳбарининг ҳисоботи депутатлар томонидан “қониқарсиз”, деб баҳоланиб, навбатдаги сессия кун тартибида қайта эшитиш бўйича сессия қарор қабул қилди.

Эътиборлиси, Кенгаш сессияларининг кун тартиби тасдиқланишидан ўн кун олдин “Samarqand” газетасида, расмий веб-сайт ва газетанинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида, бошқа ижтимоий тармоқлар ҳамда шаҳар ҳокимлиги веб-сайтига “Сессияга таклифингиз борми?” рукни остида режалаштирилаётган кун тартиби бериб борилмоқда. Сессия кун тартиби ва қарор лойиҳалари фуқаролардан келиб тушган таклифлар асосида тайёрланмоқда. Муҳими, Кенгашнинг охирги учта сессияси тўғридан-тўғри ижтимоий тармоқлар орқали онлайн узатилди.

Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаши котибиятининг ташкил этилиши вакиллик органи фаолиятини янги босқичга олиб чиқишда муҳим воқелик бўлди. Бу ўз навбатида, фуқаролик жамияти ривожланиши ва демократик принципларнинг амал қилишига асос бўлиши баробарида, депутатларнинг самарали фаолият олиб бориши учун муҳим омил бўлиб хизмат қилади, деб ўйлайман.

Яқинда Кенгаш котибияти билан Регламент ва депутатлик одоби масалари бўйича мавжуд муаммоларни муҳкама қилдик. Натижада, доимий комиссияларда тегишли корхона, ташкилот ва бошқарма бошлиқларининг ҳисоботини эшитиш тажрибаси йўлга қўйилди.

Аммо тан олиш керак, соҳадаги ютуқлар ва янгиликлар қатори маълум камчиликлар, хатоликлар ва ҳаттоки, қонунбузилиш ҳолатлари ҳам учраб турибди. Қуйида уларнинг айримлари ҳамда муаммони бартараф этиш учун баъзи бир таклифларни келтириб ўтмоқчиман.

Биринчидан, Кенгаш сессияларида баъзи депутатлар сабабсиз ёки ўйлаб топилган баҳоналар билан қатнашмайди. Бу борада Кенгаш котибияти Регламент ва депутатлик одоби масалалари бўйича доимий комиссияси билан ҳамкорликда депутатга нисбатан қонунда белгиланган тартибда чора кўриш ва кейинги жараённи назоратга олиш лозим.

Иккинчидан, айрим депутатларнинг профессионал савияси, ҳуқуқий саводхонлиги, уларнинг депутатлик фаолиятини тўғри ва самарали ташкил этиш кўникмалари талаб даражасида эмас. Махсус ишчи гуруҳи тузиб, депутатлар фаолияти учун зарур бўлган махсус энциклопедик китоб ёки мажмуа тайёрлаш керак, деган фикрдаман. Шунингдек, масала юзасидан амалий семинар ўтказиш мақсадга мувофиқ.

Учинчидан, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият томонидан маълум бир ҳудудда амалга ошириш режалаштирилаётган ишлар, чора-тадбирлар бўлса, ўша округ депутати огоҳлантирилмайди, фикрлари инобатга олинмайди. Ваҳоланки, депутат ўша ҳудуд аҳолиси билан доимий мулоқотда бўлади ва вазиятни нисбатан яхши билиши мумкин. Бундай пайтда маълум бир ҳудудда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият томонидан амалга оширилиши режалаштирилаётган ишлар, чора-тадбирлар бўлса, аввалроқ ўша округ депутатига маълумот сифатида етказилиши керак.

Тўртинчидан, сессия ўтказиладиган вақт, сана ва кун тартиби баъзи ҳолларда кеч эълон қилинади (бир-икки кун олдин). Ҳисоботлар ҳам бир-икки-кун олдин депутатларга онлайн тарзда етказилмоқда. Ваҳоланки, Олий Мажлис Сенати Кенгашининг 2010 йил 30 декабрдаги қарори 1-иловасида “Сессия ўтказиладиган вақт, сана ва жой ҳамда кун тартиби Кенгаш депутатлари эътиборига сессия очилишидан камида етти кун олдин етказилади. Кенгаш депутатларига танишиб чиқиш учун тегишли ҳужжатлар ҳам юборилади” (12-модда, иккинчи хатбоши), деб қайд этилган.

Булардан ташқари, айрим мансабдор шахслар ёки уларга ишониб қолган кишиларнинг хатти-ҳаракатлари, адолатсиз ишлари ёки хурмача қилиқлари кенг жамоатчилик муҳокамасига айланиб, халқнинг норозилигига сабаб бўлади. Афсуски, ана шундай ҳолатларда биз, депутатлар томошабин бўлиб туришимиз ёки лоқайдлик қилишимиз адолат ва виждон мезонига тўғри келмайди. Ахир, биз халқ вакилларимиз, фуқароларимизнинг манфаат ва эҳтиёжларини биз ҳимоя қилишимиз керак.

Баҳодир РАҲМОНОВ,

халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгашининг Регламент ва депутатлик одоби масалалари бўйича доимий комиссияси раиси.