Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанд шаҳрида 407 та корхонанинг ижара тўловлари ва ундирилиши вақтинча тўхтатилган

Шаҳар ҳокимлигидан олинган маълумотга кўра, 418 та туризм соҳасида фаолият олиб бораётган тадбиркорлик субъектларига ер солиғидан 668,9 миллион сўм, мулк солиғидан 514,9 миллион сўм ҳамда ижтимоий солиқнинг 12 фоиздан 1 фоизга пасайиши ҳисобига 838,5 миллион сўмлик солиқлардан имтиёзлар қўлланилган.

55 та хўжалик юритувчи субъектларга 1 октябргача бўлган даврда ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлик учун қўлланиладиган 5,1 миллиард сўмлик жарималар тўхтатилган.

113 та умумий овқатланиш корхоналарига тегишли 124 та шохобчалар бўйича алкогол маҳсулотларини чакана сотиш учун ўртача бир ойлик йиғим миқдори 31,9 миллион сўмга, яъни белгиланган миқдорлардан 25 фоизга камайтирилган.

Шунингдек, 407 та корхонанинг ижара тўловларининг ҳисобланишини ва ундирилишини вақтинча тўхтатиш масаласидаги мурожаатлари кўриб чиқилиб, 251 миллион сўмлик ижара тўловлари ҳисобланиши тўхтатилган.

Товарларни реализация қилиш айланмаси ойига 1 миллиард сўмдан ошмайдиган ва электрон ҳисоб-фактураларни қўллайдиган қўшилган қиймат солиғи тўловчи 653 та субъектларга 14,6 миллиард сўм солиқларни чораклик тўлаш ҳуқуқи берилган.

Бундан ташқари, 175 та субъектларга нисбатан ҳисобланган солиқлар уларнинг фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари бўйича оширилган ставкаларни қўллаш натижасида юзага келган 22,9 миллиард сўм қарздорликка нисбатан пеня ҳисоблаш ва мажбурий ундириш чораларини кўриш тўхтатилган.

5 527 нафар якка тартибдаги тадбиркорлар учун жами 514,9 миллион сўмлик (базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизига қадар) ижтимоий солиқ суммаси камайтирилган.

Карантин даврида ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган 1 680 нафар якка тартибдаги тадбиркорлар учун 681,7 миллион сўмлик жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи қатъий белгиланган суммаси ва 374,6 миллион сўмлик ижтимоий солиқни ҳисоблаш тўхтатилган.

Тижорат банклари томонидан 2 742 та юридик корхоналарнинг 454,3 миллиард сўмлик банк кредитлари (6 ойлик даврдаги тўлов графиги бўйича) тўлаш муддати узайтирилган.

Шунингдек, 73 та тадбиркорлик субъектларига тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан 20,3 миллиард сўм молиявий ёрдам кўрсатилган.