Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанд шаҳридаги ариқ ва зовурлар атрофи тозаланмоқда

Наврўз умумхалқ байрами олдидан ҳашар уюштириш ўзбек халқининг олийжаноб фазилатларидан бири. Яқинлашиб келаётган ушбу улуғ айём олдидан вилоят ҳокими ҳашар билан боғлиқ яна бир муҳим ташаббус - Тойлоқ, Самарқанд туманлари ва Самарқанд шаҳридан оқиб ўтувчи Обираҳмат, Сиёб каналларини ҳар хил чиқиндилардан тозалаш, ариқ-зовурларни озода сақлаш таклифини билдирди.

Бу ташаббус вилоят ва шаҳар ташкилотлари томонидан қўллаб-қувватланди ва шаҳримиз ободлигига бефарқ бўлмаган фидойилар каналларни тозалаш ишларига киришди.

Вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик маркази жамоаси ҳам Обираҳмат каналининг тўрт чақиримли қисмида тозалаш ва ободонлаштириш ишларини олиб бормоқда. Ушбу канал оқиб ўтадиган Галаосиё, Расадхона, Қирча, Хўжа Дониёр, Обираҳмат, Боғи майдон, Геологлар, Қўрғонча маҳаллалари фаоллари ҳам бу хайрли ишда кўмакдош бўлмоқда.

Бундан ташқари, СЭОМ мутахассислари маҳаллалар аҳолиси ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, озиқ-овқатларни сақлаш ва улардан тўғри фойдаланиш, санитария-гигиена қоидаларига амал қилишни тарғиб қилиш мақсадида уйма-уй кириб тушунтириш ишлари олиб бормоқда.

Юқумли касалликларнинг олдини олиш учун нималарга амал қилиш кераклиги акс этган варақалар тарқатилмоқда. Маҳалла ҳудудини озода тутуш, ариқ ва зовурларни тоза сақлаш кераклиги тушунтирилмоқда.