Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанд тумани қишлоқлари қачон обод бўлади?

“Обод қишлоқ” ва Обод маҳалла” дастурлари доирасида Самарқанд туманидаги 5 та ижтимоий соҳа объектларига 2,1 миллиард сўм (23 фоиз) маблағлар молиялаштирилган. Бугунги кунгача 5,7 миллиард сўмлик (63 фоиз) қурилиш-монтаж ишлари бажарилган.

Вилоят ҳокимлигида ўтказилган аппарат йиғилишида туманда дастурда белгиланган ишларда сусткашликка йўл қўйилаётгани, белгиланган объектлар фойдаланишга топширилмаётгани айтиб ўтилган.

Хусусан, Пулимуғоб қишлоғида 42-мактабда қурилиш-монтаж ишлари 70 фоизга бажарилган. Қишлоқда режалаштирилган 1,4 километр электр тармоқларини реконструкция қилиш ишлари тўхтаб қолган. Бундан ташқари, ушбу ҳудудда режалаштирилган 11,3 километр мелиорация объектларини қуриш, таъмирлаш ва тиклаш ишлари умуман бажарилмаган.

Шу пайтгача иш бошлаши керак бўлган 7 та бозор инфратузилма объектларидан бирортаси фойдаланишга топширилмаган. Гулобод қишлоғидаги 1 та мактаб ва 1 та мактабгача таълим ташкилоти қурлиши бугунги кунгача тўлиқ бажарилмаган. Ушбу объектларда қурилиш-монтаж ишлари бор-йўғи 56,5 фоизга уддаланган, холос. Қишлоқда 1,4 километр пиёдалар йўлаклари қурилиши режалаштирилган бўлиб, амалда бу кўрсаткич 0,6 километрга бажарилган.

Паррандачилик қишлоғидаги мактабгача таълим ташкилоти ва тез тиббий ёрдам шохобчаси ҳануз фойдаланишга топширилмаган. Режадаги 1 та трансформатор пункти қурилиши мутасаддиларнинг бепарволиги оқибатида бугунги кунгача якунланмаган.

Ё.ГАДОЕВ.