Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанд туманидаги мактаблар қишки мавсумга тайёр

Туманда 54 та умумий ўрта таълим мактаби ҳамда “Баркамол авлод” болалар маркази фаолият кўрсатмоқда. Уларда 39 минг 551 нафар ўқувчига 2548 нафар ўқитувчи таълим-тарбия бермоқда.

2019 йилда инвестиция дастури доирасида тумандаги 21-, 26-мактаб, “Обод қишлоқ” дастури асосида 38-, 42-мактаблар капитал реконструкция қилинди. Булардан ташқари, тумандаги 9 та мактабнинг 19 та иситиш қозонлари янгиларига алмаштирилди. Ушбу таълим муассасаларининг 5490 метр иситиш қувурлари ва 623 та батареялари янгидан ўрнатилди. 2350 метр квадрат йўлак ва сафланиш майдончалари бетон қопламалар билан қопланди, 10 та ҳожатхона жорий таъмирланди.

Туманда 25 та умумий ўрта таълим мактаблари табиий газ билан таъминланган. Қолган 30 та таълим масканлари учун 880 тонна кўмир (207 тонна кўмир, 673 тонна кўмир брикети) ажратилган. Барча таълим муассасалари электр энергияси, ичимлик суви билан тўлиқ таъминланди ва махсус чиқиндихоналар ташкил этилди.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, тизимда муаммолар ҳам йўқ эмас. Хусусан, 12 та мактабнинг бинолари капитал таъмирга муҳтож. 6 та мактабдаги эшик ва ромлар эскирган. Айрим мактабларда ошхона фаолияти йўлга қўйилмаган ёки бунинг учун алоҳида бино йўқ.

Булар қисқа фурсатда, бир йўла ҳал этиладиган масалалар эмас. Аммо мавжуд муаммоларни босқичма-босқич бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.

Самарқанд тумани ҳокимлиги ахборот хизмати.