Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанд вилояти ҳокимининг қарори

Шу билан бирга, вилоят қурилиш бош бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари, қурилиш соҳасида назорат инспекцияси ҳамда соҳага масъул бошқа идоралар раҳбарлари томонидан назоратнинг сусайтириб юборилганлиги натижасида, шунингдек, шаҳар ва туманлар ҳокимларининг лоқайдлиги оқибатида аҳоли пунктларини реконструкция қилиш ва ободонлаштиришда, меъморий ва тарихий-маданий ёдгорликларни тиклашда, кўп қаватли турар жой бинолари, ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфратузилма объектларини жойлаштириш ва қуришда шаҳарсозлик фаолияти соҳасида белгиланган нормалар ва қоидаларнинг қўпол равишда бузилиши ҳоллари давом этмоқда.

Ҳудудий қурилиш бўлинмалари раҳбарларида қатъият етишмаслиги оқибатида аҳоли пунктларини қуриш шаҳарсозлик ва архитектура нормалари, коммуникация, транспорт ва санитария талаблари, истиқболли қурилиш режалари билан мутлақо боғланмасдан амалга оширилмоқда.

 

Хусусан, Самарқанд шаҳрида 2015-2018 йиллар давомида бунёд этилган 71 та кўп қаватли уйларни хатловдан ўтказиш натижалари бу борада кўплаб салбий ҳолатлар мавжудлигини кўрсатди. Яъни, кўп қаватли турар жой биноларини қуришнинг сифат даражаси пастлиги, коммуникация тармоқларига уланишда нуқсонлар мавжудлиги, ўрнатилган лифтларнинг ишламаслиги, ҳудудларда болалар спорт майдончалари ва ўйингоҳлар қурилмаганлиги, автотураргоҳлар ташкил этилмаганлиги, уйларга кузатув камералари ўрнатилмаганлиги, ободонлаштириш ишлари талаб даражасида бажарилмаяпти.

Юқорида кўрсатиб ўтилган камчиликлар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари мансабдор шахсларининг ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслиги, шунингдек, қурилиш бош бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари раҳбарларининг аҳоли пунктларини комплекс қуриш муаммоларини ҳал қилишдан ўзларини четга олишлари шаҳар ва туманлар қиёфаси бузилишига, аҳолининг ҳақли норозилигига олиб келмоқда, шунингдек, вилоятга ташриф буюраётган меҳмонларда салбий таассурот уйғотмоқда.

Вилоятда аҳоли пунктларини замонавий шаҳарсозлик талаблари ва миллий анъаналарга мувофиқ комплекс ривожлантиришни таъминлаш, меъморий-тарихий меросни сақлаб қолиш, қабул қилинаётган лойиҳа ечимлари сифатини ошириш, шунингдек, шаҳарсозликка оид қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан назоратни кучайтириш ҳамда келгусида Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳарларида шаҳарсозлик фаолиятини тартибга солиш, объектларни қуришда белгиланган норма ва қоидаларга риоя этилишини таъминлаш, қурилиши тугалланган, айниқса, хусусий инвестиция маблағлари ҳисобидан бунёд этилган кўп қаватли турар жой биноларини фойдаланишга қабул қилишнинг ягона ва ишончли тизимини йўлга қўйиш мақсадида, “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6 ва 25-моддаларига асосан ҚАРОР ҚИЛАМАН:

1. Вилоят ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари (А.Шукуров), Самарқанд шаҳар ҳокими (Ф.Рахимов), вилоят қурилиш бош бошқармаси ва унинг Самарқанд шаҳар бўлинмаси ҳамда қурилиш соҳасида назорат инспекциясининг Самарқанд шаҳрида шаҳарсозлик фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш, аҳоли пунктларини комплекс қуришда бош режаларга, айниқса, кўп қаватли турар жой биноларини қуришда шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига риоя этилишини таъминлаш бўйича ишлари қониқарсиз деб ҳисоблансин.

2. Вилоят ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари (А.Шукуров), Самарқанд шаҳар ҳокими (Ф.Рахимов), вилоят қурилиш бош бошқармаси ва унинг шаҳар бўлинмаси, қурилиш соҳасида назорат инспекцияси раҳбарлари аҳоли пунктларини комплекс қуриш бош режаларига, кўп қаватли турар жой биноларини қуришда шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига риоя этилиши учун шахсан жавобгар эканликлари тўғрисида огоҳлантирилсин.

Икки кун муддатда Самарқанд шаҳрида 2015-2018 йилларда қурилган 71 та кўп қаватли уйларни хатловдан ўтказиш натижасида аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилишини таъминласин.

Вилоят ҳокимлиги саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича котибияти (Ж.Коржавов) чора-тадбирлар режасида кўзда тутилган тадбирларни бажарилиши юзасидан мониторинг юритсин ва ҳар ўн кунда вилоят ҳокимига ёзма ахборот киритиб борсин.

3. Вилоят ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари (А.Шукуров):

ҳудудий қурилиш, ер ресурслари ва давлат кадастри бўлинмалари, бошқа алоқадор органлар томонидан шаҳарсозликка оид қонун ҳужжатларига, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига риоя этилиши устидан таъсирчан назоратни таъминласин;

аҳоли пунктларини қуришда шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига риоя этилишининг ишчи гуруҳлар томонидан мунтазам равишда ўрганилишини;

тасдиқланган жадвалга мувофиқ ишчи гуруҳлар томонидан ўрганиш натижалари кўриб чиқилишини, шунингдек тегишли раҳбарларнинг ҳисоботлари эшитиб борилишини таъминласин;

 вилоят қурилиш бош бошқармаси (Б.Назаров) билан биргаликда лойиҳалаштириш ташкилотлари томонидан Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳарларида қурилиши режалаштирилган кўп қаватли уйларнинг ишлаб чиқилган архитектура лойиҳа-сметаларига автотураргоҳ, спорт майдончалари ва болалар ўйингоҳлари, дам олиш айвончалари ва уйларга видеокузатув мосламаларининг ўрнатилишини жойлаштирилиши бўйича белгиланган тартибга риоя этилишини таъминлаш чораларини кўрсин.

4. Самарқанд шаҳар ҳокими (Ф.Рахимов)га шаҳарда 2015-2018 йилларда қуриб фойдаланишга топширилган кўп қаватли уй-жойларда аниқланган камчиликларни бир ой муддатда бартараф этиш чораларини кўриш ва амалга оширилган ишлар юзасидан вилоят ҳокимига ахборот бериш вазифаси юклатилсин.

5. Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳарлари ҳокимлари (Ф.Рахимов, М.Ҳошимов) қурилиши тугалланган кўп қаватли турар-жой бинолари фойдаланишга қабул қилинишида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 майдаги 370-сон қарори билан тасдиқланган “Қурилиши (реконструкцияси) тугалланган бино ва иншоотларни фойдаланишга қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг Маъмурий Регламенти”нинг қуйидаги талабларига:

фойдаланишга қабул қилиш далолатномасисиз объектларни фойдаланишга қабул қилиш тақиқланиши;

объектларни фойдаланишга қабул қилиш тартиботида:

а) вилоят давлат ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри корхонаси далолатнома лойиҳасини ишлаб чиқиши;

б) шаҳар қурилиш бўлимлари далолатнома лойиҳаларини келишиши;

в) давлат санитария эпидемиология назорати органлари, давлат ёнғин назорати органлари, қурилиш соҳасида назорат бўйича ҳудудий инспекциялар объектларни фойдаланишга қабул қилиш далолатномалари лойиҳаларини келишиши юзасидан белгиланган тартибга қатъий амал қилсинлар.

Қурилиши (реконструкция) тугалланган объектларни фойдаланишга қабул қилиш борасида Давлат хизматлари маркази билан самарали ҳамкорлик йўлга қўйилишини таъминлансин.

6. Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳарларида қурилиши тугалланган объектлар (кўп қаватли уйлар)ни фойдаланишга қабул қилиш бўйича Давлат қабул комиссияси (кейинги ўринларда комиссия)нинг намунавий таркиби иловага мувофиқ тасдиқлансин.

7. Комиссия:

объектлар қурилиши (реконструкцияси)нинг тугалланмаганлиги аниқланиши ёки шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига мувофиқ эмаслиги далолатнома лойиҳасини тайёрлаш ёки келишишни рад этиш учун асос бўлиши юзасидан белгиланган тартибга риоя этилишини таъминласин.

Кўп қаватли турар жой биноларини фойдаланишга қабул қилишда қуйидаги ҳолатларга алоҳида эътибор қаратсин:

қуриш ва таъмирлаш ишларининг шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари, замонавий талаблар ва миллий анъаналарга мувофиқ олиб борилганлиги, атроф муҳитни муҳофаза қилиш, экология хавфсизлиги талабларига, шунингдек санитария нормалари ва қоидаларига риоя этган ҳолда ҳар томонлама сифатли амалга оширилганлиги;

бой меъморий-тарихий меросни сақлаб қолишни таъминлаш юзасидан белгиланган тартибларга амал қилинганлиги;

коммуникация тармоқларига белгиланган тартибда тўлиқ уланганлиги (электр энергияси, табиий газ, ичимлик суви ҳамда иссиқлик тармоқлари), уларнинг сифати ва тўла қувватда ишлаши;

ҳар бир кириш йўлаги (подъезд)нинг кириш қисмида темир ва кодли эшиклар ўрнатилганлиги;

хонадонларга электр энергияси, табиий газ, ичимлик суви ҳисоблагичларининг белгиланган тартибда ўрнатилганлиги;

янги лифт ўрнатилганлиги ҳамда уларнинг тўла қувватда узлуксиз ишлаш ҳолати;

ҳудудда спорт майдончалари, болалар ўйингоҳлари, дам олиш айвончалари ва автотураргоҳлар қурилганлиги;

турар жой биносига видеокузатув мосламаларининг ўрнатилганлиги ва уларнинг ишлаш ҳолати;

 ҳудудда ободонлаштириш ишлари ва кириш йўлаклари тасдиқланган архитектура лойиҳаси асосида тўлиқ ва сифатли олиб борилганлиги.

8. Вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси (Р.Сатторов)га фойдаланишга қабул қилинган кўп қаватли турар жой бинолари бўйича ўрнатилган тартибда янгидан хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати (ХУЖМШ)ни ташкил этишга кўмаклашиш ва унга аъзолик масалаларини ташкиллаштириш вазифалари топширилсин.

9. Вилоят Ички ишлар бошқармаси (А.Тошпўлатов)га қурилиши тугалланган кўп қаватли уйларни фойдаланишга қабул қилиш далолатномаси расмийлаштирилмасдан, фуқароларнинг уйларга кўчиб ўтишларига йўл қўйилмаслиги устидан тизимли назорат ўрнатиш вазифаси топширилсин.

10. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш вилоят ҳокимининг ўринбосари вазифасини бажарувчи А.Шукуров зиммасига юклатилсин.

Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи  Э.Турдимов

2018 йил 11 октябрь