Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда 480 мингга яқин истеъмолчига суюлтирилган газ етказилмоқда

“Hududgaz Samarqand” газ таъминоти филиали томонидан журналист ва блогерлар учун пресс-тур ташкил этилди.

Тадбир Мотрид қўрғонидаги шимолий газ тақсимлаш станциясида иш жараёнлари билан танишишдан бошланди.

– Бу станциядан 191 минг истеъмолчига газ тақсимланади, – дейди филиал директори ўринбосари, бош муҳандис Фурқат Каримов. – Жумладан, Мазкур станция Самарқанд шаҳридаги Қорасув, Оқдарё туманининг Даҳбет, Пайариқ туманининг Имом Бухорий аҳоли яшаш манзилларидаги 191 минг истеъмолчига табиий газ етказиб беради. Асосий магистрал қувурлар орқали етказилаётган газнинг миқдори, қанча босимда тақсимлангани ва узатилгани бўйича ҳар соатда маълумотлар умумлаштирилиб борилади. Тизимнинг ишлаши онлайн тарзда кузатилади.

Пресс-турда таъкидланишича, вилоят аҳолисининг 45 фоизи табиий газ билан таъминланган. Бу йил ўтган йилнинг ноябрь ойига нисбатан табиий газ истеъмоли ошган. Яъни, бир суткага 6 миллион 300 минг метр куб газ сарфланган бўлса, ҳозирда ҳавонинг совуқлиги оқибатида 7 миллион 700 метр куб газ узатиляпти. Бу кўрсаткич баъзи кунларда 8 миллион метр кубдан ҳам ошади.

Журналист ва блогерлар Пайариқ туманининг Янгиобод маҳалласидаги “Пайариқ газ тўлдириш” шохобчасида ҳам бўлди. Шохобча орқали Пайариқ, Челак, Оқдарё ва Қўшработ туманининг яқин ҳудудидаги 140 та маҳалланинг 91 минг 177 та истеъмолчиларига суюлтирилган газ етказиб берилмоқда.

– Вилоят бўйича битта газ тўлдириш станцияси ва 7 та газ тарқатиш шохобчалари аҳолига хизмат кўрсатмоқда, – дейди филиалнинг суюлтирилган газни сотиш ва ҳисобини юритиш бўйича етакчи мутахассиси Лочин Ҳамидов. – Шохобчалар Пайариқ, Каттақўрғон, Пахтачи, Ургут, Қўшработ туманида жойлашган бўлиб, ҳар бирининг суюлтирилган газни етказиш қуввати ойига 600 тоннани ташкил этади. Шунингдек, Нуробод туманининг Оқсой маҳалласи ва Самарқанд туманнинг Гулистон маҳалласида шартнома асосида фаолият кўрсатувчи шохобча мавжуд бўлиб, уларнинг бир ойлик қуввати 500 тоннани ташкил этади. “Самарқанд газ тўлдириш” станцияси орқали эса 3 минг тонна суюлтирилган газ аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига етказилмоқда. Хусусан, вилоят бўйича 480 мингга яқин хонадонлар ва ижтимоий соҳа объектларига суюлтирилган газ етказиляпти.

Карантин даврида Шўртан ва Муборак газ ишлаб чиқариш заводлари тўлиғича ишламаслиги оқибатида аҳолига суюлтирилган газни етказишда муаммолар юзага келди. Эндиликда истеъмолчига суюлтирилган газ баллонларини 95 та юк автомашинаси ёрдамида 45 кунда ҳар бир хонадонга етказиш чораси кўрилмоқда. Истеъмолчиларга битта маиший газ баллон 22 минг 400 сўм эвазига етказиляпти. Агар газ баллон ўрнатиб берилса, хизмати учун 3 минг сўм ҳақ олинади.

Булардан ташқари, кеча-ю кундуз ишловчи штаб ташкил қилинган. 23 та тезкор авария-таъмирлаш гуруҳлари жойларда юзага келувчи авария ёки техник носозликларни бартараф этиш учун зарур бўлган транспорт воситалари, асбоб-ускуналар, махсус ишчи кийимлар ва тегишли бутловчи қисмлар билан таъминланган. Шу кунгача газ қувурларида меъёрий босимнинг пасайиши оқибатида 87 та маҳалладаги тармоқнинг узоқ нуқталарида жойлашган хонадонларга табиий газ босими меъёрдан пасайиши кузатилмоқда.

Ҳусан ЭЛТОЕВ.