Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда 58 минг 363 нафар фуқаро ўзини ўзи банд қилди

Мамлакатимизда жорий йил 1 июлдан ўзини ўзи банд қилишнинг соддалаштирилган тартиби жорий этилиши натижасида 67 фаолият тури билан шуғулланувчи кўплаб кишиларга кенг имкониятлар яратилди.

Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси ахборот хизматининг маълум қилишича, шу пайтгача вилоят солиқ идораларида ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида расман рўйхатдан ўтганлар сони 58 минг 363  нафарни ташкил қилмоқда. Фуқаролар бевосита масофадан туриб ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида “Soliq” мобил иловаси орқали рўйхатдан ўтишмоқда.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, қишлоқ хўжалиги йўналишида, яъни чорва ҳайвонлари боқиш, қишлоқ хўжалиги экинлари етиштириш, томорқа эгаларига ёрдам бериш сингари ишлар билан ўзини ўзи банд қилганлар рўйхатга олинганлар орасида энг кўп - 15 минг 771 нафарни ташкил этмоқда.

Маиший хизматлар йўналиши - сартарошлик, косметолог, уйда кир ювиш ва дазмоллаш, калит тайёрлаш, пойабзал тикиш, таъмирлаш, бўяш ва бошқа шу каби ишлар билан 14 минг 366 нафар ҳамюртимиз шуғулланмоқда.

Шунингдек, саноат (10 минг 378 нафар), халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш (5 минг 173 нафар), ижтимоий соҳаларда хизмат кўрсатиш (12 минг 36 нафар), АКТ соҳасида (639  нафарга яқин) ҳам кўплаб фуқаролар фаолият юритмоқда.

Ўзини ўзи банд қилган шахслар 2020 йил учун ижтимоий солиқни ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида ҳақиқатда ишлаган вақтидан қатъи назар, базавий ҳисоблаш миқдорининг камида 50 фоизи, яъни 111 минг 500 сўм миқдорида тўлайди. Аввалги тартибга кўра, мазкур тўлов йилига 1 миллион 3 минг 500 сўмни ташкил этар эди. Ушбу сумма тўлиқлигича бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига йўналтирилади. Шундан келиб чиққан ҳолда якка тартибдаги тадбиркорлар учун ўрнатилган тартибда пенсия ҳисоблаш учун даромад ҳажми аниқланади.