Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда 6 нафар фуқаро ерни ўзбошимчалик билан эгаллади ва 60 миллион сўм жарима тўлайдиган бўлди

Агроинспекциянинг Ургут тумани бўлими томонидан туман ҳокимининг 2019 йил 9 декабрдаги “Туманда фермер хўжаликлари томонидан ер ресурсларидан самарали фойдаланиш, жойларда қишлоқ хўжалиги, айниқса, суғориладиган ер майдонларини муҳофаза қилиш, улардан оқилона фойдаланишни таъминлашда хато-камчиликлар ва қонун бузулиш ҳолатларига йўл қўйилмаслиги ҳамда фермер хўжаликлари тасарруфидаги ер майдонларидан мақсадли фойдаланишни хатловдан ўтказиш тўғрисида”ги фармойиши юзасидан мониторинг тадбирлари ўтказилди.

Ўрганишларда туманнинг Мирзақишлоқ маҳалласида фуқаролар томонидан “Тошкентбой нур зиёси” фермер хўжалигининг 42,1 балл бонитетли ер майдонини қишлоқ хўжалиги муомаласидан чиқаргани маълум бўлди. Оқибатда фуқаро А.Х. 20 миллион 675 минг 600 сўм, М.З. 11 миллион 26 минг 500 сўм, Ш.У. 3 миллион 281 минг  700 сўм, Е.Э. 7 миллион 876 минг сўм, Д.Ж. 6 миллион 38 минг 300 сўм ва М.Б. 11 миллион 26 минг 500 сўм миқдорида давлатга зарар етказганлиги аниқланди.

Ер майдонини қишлоқ хўжалиги муомаласидан чиқариши оқибатида давлатга етказилган зарарни ундириш юзасидан “Ўзагроинспекция”нинг Ургут тумани бўлими томонидан фуқаролик ишлари бўйича Тойлоқ туманлараро судига даъво аризалари киритилди.

Мазкур даъво ариза ва тўпланган ҳужжатлар фуқаролик ишлари бўйича Тойлоқ туманлараро судининг сайёр суд мажлисида кўриб чиқилди ва даъво аризаси қаноатлантирилиб, жавобгарлардан давлатга етказилган зарарни ундириш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқарилди.

Азамат ХОЛИҚОВ,

Агроинспекциянинг Ургут тумани бўлими бошлиғи.