Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда аҳоли орасида ваҳима тарқатмоқчи бўлган шахсга 30 сутка қамоқ жазоси тайинланди

Самарқанд вилояти ички ишлар ҳамда давлат хавфсизлик хизмати бошқармалари ходимлари ҳамкорлигида олиб борилган тезкор тадбирлар давомида Самарқанд вилояти, Пахтачи туманида яшовчи, 1977 йилда туғилган А.Шомуродов 2020 йил 25 март куни соат тахминан 16:00 ларда марҳум маҳалладошини кўп миқдорда спиртли ичимлик истеъмол қилганлиги оқибатида вафот этганлигини эшитиб, бир нечта каналларга «Telegram» мессенжерида ўзининг “Акбар Шомурадов” номли саҳифаси орқали “Пахтачи тумани Тома маҳалласида яшовчи О. исмли шахс коронавирусга чалиниб, кўп миқдорда ароқ ичиб бугун вафот этганлиги айтилмоқда” номли ёлғон маълумотни ёзиб юборганлиги ҳолати аниқланди.
Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати хабарига кўра, Пахтачи тумани маъмурий ишлар бўйича суди томонидан ушбу фуқарога Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 205-моддасида кўрсатилган ҳуқуқбузарликни содир қилганлиги учун 30 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Самарқанд вилояти ички ишлар бошқармаси ЭСЛАТАДИ!
Ўзбекистон Республикасининг ЎРҚ–613-сонли Қонунига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси 244-5-модда билан тўлдирилди. Унга кўра, карантин даврида инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши ҳақида ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатиш БҲМнинг 200 бараваригача (44 миллион 600 минг сўм) жарима жазосига тортишга, 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ва 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазолашга сабаб бўлади.
Шунингдек, ушбу ҳаракатларни содир этган шахс 300 соатдан 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари, 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари, 3 йилгача озодликни чеклаш ва 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан жазоланади.