Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланган уюшган гуруҳ қўлга олинди

Тойлоқлик Ш.М., А.И., Р.И., Б.К., Ф.Ж., ургутлик Х.Э., А.Р., иштихонлик Ф.Б., О.Р.лардан иборат уюшган жиноий гуруҳ гиёҳвандлик воситаларини ноқонуний равишда мамлакатимиз ҳудудига киритиш, сотиш билан шуғулланганлиги аниқланди.

Жиноят ишлари бўйича Тойлоқ тумани судида гумонланувчиларнинг ўтмиши, турмуш тарзи ўрганиб чиқилди. Уларнинг ҳар бири ўз қилмишларига иқрор бўлиб, пушаймон эканликларини билдирса-да, аслида бу йўлга қандай сабаб билан кирганликларини кўз олдингизга келтиришингиз қийин. Масалан, жиноий гуруҳнинг энг фаол аъзоларидан бўлган Ш.М. айни қирқ ёш остонасида катта жиноят сабабчисига айланди. Илгари ҳам судланган Ш.М. тезроқ бойиб кетиш йўлини қидирди. Унга қўшни давлатдан гиёҳванд моддалар келтириб сотиш энг даромадли ишдек туюлди.

У жиноий шериклари билан аввалдан режа тузиб, 2018 йилнинг июнь ойида Тожикистон Республикасининг Панжикент тумани, Чимқалъа қишлоғидаги танишидан 2800 доллар эвазига гиёҳванд моддаларни сотиб олиб, яширин равишда мамлакатимиз ҳудудига олиб кирди. Унинг бир қисми – 40 грамини ҳар бир грами учун 150 минг сўмдан нарх белгилаб, жами 6 миллион сўмга судланувчи А.И.га сотади. А.И. эса гиёҳвандлик моддасини келгусида сотиб, фойда кўриш мақсадида уйига яшириб қўяди. Бу “операция” икковлон иштирокида ўйлаб топилган ягона “ўйин” эмас эди.

Афсуски, бу қалтис “ўйин”нинг қамрови кенгайиб борди. Бир нечта ҳамюртларимиз уларга қўшилиб, жиноятчи, деган тавқи-лаънатга дучор бўлишди. Уларнинг барчаси қайси йўлга, қандай мақсадда қадам қўйганликларини энди тушуниб етган бўлсалар, ажабмас.

Жиноятга қўл урганларнинг ижтимоий аҳволи, яшаш шароити билан танишар экансиз, аксарияти тўкин-сочин ҳаёт кечирганлигининг гувоҳи бўласиз. Ахир, бугун ҳеч қаерда ишламасдан шахсий машина, ҳавас қилса арзигулик уй-жойга эга бўлиш мумкинми? Суднинг “қора курси”сига ўтирган бу кимсалар бирон жойда ёлчитиб ишлаганлигини ўзлари ҳам эслай олмаса керак.

Гиёҳванд моддалар савдосига қарши бутун дунёда бежизга кураш олиб борилаётгани йўқ. Унинг бир мисқоли ҳам ўнлаб инсонларнинг саломатлиги ва умрига зомин бўлаётганлиги барчага аён. Жиноятчи деган тамғани пешонасига босган 9 нафар ҳамюртимиз қандай мақсадда бу йўлга кирганлиги ўйга толдиради кишини.

Қувондиқ ХАЛИЛОВ.