Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда таъминотчи ташкилотда ҳам, боғчаларда ҳам санитария қоидалари бузилган

Хабарингиз бор, ўтган ҳафта ахборот улашувчи сайтларда Самарқанд шаҳридаги бир эмас, учта мактабгача таълим ташкилотида болаларнинг овқатдан оммавий заҳарланиши билан боғлиқ ҳолат ҳақида маълумот тарқалиб кетди.

Самарқанд шаҳридаги 80-, 98- ҳамда 106-сонли МТТларда тарбияланаётган 12 нафар бола овқатдан заҳарланиш токсикоинфекцияси енгил-ўрта даражаси ташхиси билан ётқизилган. Тарбияланувчилар ушбу боғчаларда ош, борщ, макарон, салат каби аралаш овқатларни истеъмол қилганликлари оқибатида соғлиги ёмонлашиб, шифохонага мурожаат қилган. Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳар прокуратураси томонидан 11 октябрь куни жиноят иши қўзғатилиб, шаҳар ички ишлар идораси ҳузуридаги тергов бўлимига юборилди, дейилган ушбу хабарларда.

Самарқанд вилоят санитария- эпидемиологик осойишталик маркази бу ҳолат бўйича нима дейди?

- Мазкур ҳолат юз берган куниёқ мактабгача таълим ташкилотларида текшириш олиб борилди, - дейди вилоят ДСЭОМ бош врачи Манзура Отамуротова. - Уларнинг фаолияти ўша куниёқ тўхтатилди. Аввалига 12 нафар бола шифохонага ётқизилган бўлса, ҳолатдан кейин ушбу муассасаларда тарбияланаётган мингдан зиёд болаларнинг барчаси тўла тиббий текширувдан ўтказилди ҳамда яна 22 нафар бола шифохонага ётқизилди. Айни кунларда болаларнинг барчаси уйида, соғломлаштирилган. Фақат тўрт нафари шифохонада муолажани давом эттирмоқда. Марказ ходимлари томонидан боғчалардаги ошхона, аутсорсинг ташкилотида мавжуд озиқ-овқат маҳсулотларидан намуналар лаборатория текширувига олинди. Шунингдек, барча хоналардаги ашёлар, ўйинчоқлар ҳам назоратдан ўтказилди. Олиб борган текширувларимиз давомида ушбу боғчаларга хизмат кўрсатган «Е.М» аутсорсинг корхонасида ҳам, мактабгача таълим ташкилотларида ҳам санитария меъёрлари бузилганлиги аниқланди.

Айни кунларда бу каби нохуш ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида вилоятдаги барча шаҳар ва туманлардаги МТТларда фаолият кўрсатаётган ошпаз ходимларнинг соҳа бўйича тажрибага, билимга эгалиги текширувдан ўтказилмоқда. Овқатдан заҳарланишнинг олдини олиш мақсадида зарур чора-тадбирлар амалга оширилиши кўзда тутилган. Биринчи навбатда, барча боғчалардаги санитария ҳолати текширувдан ўтказилиши бошланди ҳамда бу ишлар тизимли олиб борилиши белгиланди.

Айтиш керакки, шу йилнинг август ойида мактабгача таълим вазири А.Шин иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида ҳам боғчалардаги озиқ-овқат билан боғлиқ салбий ҳолатларга изоҳ берилганди. Оммавий ахборот воситаларига соҳадаги муаммолар ҳақида тўхталар экан, мактабгача таълим вазири А.Шин жумаладан, қуйидагиларни айтиб ўтганди:

- Мактабгача таълим тизимида кузатилаётган энг кўп муаммолар ҳам, энг кўп коррупцион ҳолатлар ҳам озиқ-овқат таъминоти билан боғлиқ. Яқинда қабул қилинган “Мактабгача таълим муассасаларида соғлом овқатлантириш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамаси қарорига асосан Бош прокуратура ва Адлия вазирлиги билан ҳамкорликда бу борада тизимли ишлар олиб борилмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутахассислари билан келишган ҳолда меъёрлаштирилган овқатлантириш тартиби ишлаб чиқилмоқда. Боғчаларда овқатдан заҳарланиш ҳолатлари кўпинча озиқ-овқат маҳсулотларини сифатли ҳолда сақлашдаги муаммолар билан боғлиқ бўлади. 

Мактабгача таълим муассасаларида ишловчи ошпазлар ҳам асосан умумий овқатланиш тизими учун тайёрланган кадрлар ҳисобланади. Улар болалар таомномаси бўйича мутахассис эмас. Шунинг учун уларни қайта тайёрлаш, малакасини ошириш масалалари ҳам кўриб чиқилмоқда.

Демак, масалани жиддий ўрганиш, ушбу вазифаларни жадал амалга ошириш шарт ва зарур.

Гулруҳ МЎМИНОВА.