Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанддаги Ҳадис илми мактабида ўқиш бошланди

5 сентябрь куни Самарқанддаги Ҳадис илми мактабида илк ўқув йили бошланди.

Президентимизнинг 2018 йил 16 апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига кўра, Ўзбекистон мусулмонлари идораси муассислигида ташкил этилган Ҳадис илми мактабида таълим жараёнлари бошланиши муносабати билан ўтказилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита бўлим бошлиғи С.Шерхонов, Ислом цивилизацияси маркази раҳбари Ш.Минаваров, Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Д.Маматқулов ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Мазкур олий диний таълим муассасаси Ислом дини ва ҳадис илми ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг бой меросини чуқур ўрганиш, улар томонидан асос солинган ҳадис мактаблари фаолиятини қайта тиклаш ва ривожлантириш, улар қолдирган бой илмий меросни ўрганиш, тадқиқ қилиш орқали халқимиз ва кенг жамоатчиликка етказиш ва тарғиб қилиш, хусусан ҳадис ва унга доир илмларни чуқур ўзлаштирган етук мутахассисларни тайёрлашга хизмат қилади. Энг муҳими, мактаб олдига “Жаҳолатга қарши – маърифат” шиори асосида муросасизлик, экстремизм ва терроризмнинг ҳар қандай кўринишларига илм-маърифат, юксак одоб-ахлоқ билан қарши туришдек катта вазифалар қўйилган.

Жорий йилнинг 9-10 июль кунлари Ҳадис илми мактабига қабул имтиҳонлари ўтказилиб, 100 нафарга яқин талабгорлар орасидан 12 нафар иқтидорли ёшлар сараланиб олинди. Улар янги таълим муассасасининг илк тингловчилари сифатида бугундан ўқишни бошлади.