Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанддаги қайси олий ўқув юртида автотураргоҳ бор?

Бугун Самарқанд шаҳридаги қайси олий ўқув юртига борсангиз, атрофдаги кўчаларда қаторлашиб турган енгил машиналарни кўрасиз...

- Дарсга автобусда келсак анча вақт йўқотамиз, - дейди Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти талабаларидан бири. - Чунки автобус кўчалардаги тирбандлик сабаб жуда секин юради. Ётоқхоналарда эса жой етишмайди. Самарқанд шаҳрида ижарада тургандан кўра шахсий машинада тумандан қатнаш арзонга тушади.

Бироқ институтда автомобиллар тураргоҳи йўқлиги учун машинамизни йўл четига қўйиб кетишга мажбурмиз.

Хўш, Самарқанд шаҳридаги университет ва институтларда автотураргоҳлар чиндан ҳам муаммоми? Агар бундай оғриқли масала бўлса, унинг ечими нима бўляпти? Бу борада хорижда қандай тажрибалар мавжуд, уларни бизда қўллаш мумкинми?

Қайси олий ўқув юртида автотураргоҳ бор?

Вилоят ҳокимлиги Инжиниринг компаниясидан олинган маълумотларга кўра, айни вақтда Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институтида кенг кўламдаги капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. Ушбу жараёнда бу ерда ўнга яқин ҳудудда 1000 квадрат метр майдонда автомобиллар тураргоҳи ташкил этилади.

Шунингдек, «Ипак йўл» халқаро туризм университети ҳудудидан ҳам 20 дан ортиқ автомобиллар учун тураргоҳ қурилар экан. Самарқанд давлат университетининг Сартепа масканида жойлашган ядро физикаси лабораторияси ҳам Инвестиция дастури асосида реконструкция қилиниб, ҳудудда 1100 квадрат метрли автотураргоҳ ташкил қилинади.

Бундан ташқари, Самарқанд давлат тиббиёт институти янги бинолари олдида 20-30 та автомобилни вақтинча қўйиш учун жой ажратилган.

Самарқанд давлат чет тиллар институти ва Тошкент ахборот технологиялари университети Самарқанд филиалини бу борада муаммоси йўқ, деб ҳисоблаш мумкин. СамДЧТИ қаршисида меҳмонхона қурилган даврда 40-50 та автомашина жойлаштиришга етарли майдон қолдирилганлиги ва ТАТУ Самарқанд филиалининг янги биноси учун кенг жой танланиб, ҳовлида 50-60 та автомобиль учун ер майдони мавжудлиги қайсидир маънода бунга асос бўлмоқда.

Автотураргоҳ учун жой йўқ

Юқоридаги каби ҳолатларни нафақат Самарқанд давлат университетида, балки Самарқанд ветеринария медицинаси, Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтида ҳам учратиш мумкин.

Биргина Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтига келаётган ўқитувчи ва талабалар автомашиналарини Шоҳруҳ кўчасида “Мармар” бозори олдидан, Университет хиёбонигача бўлган масофада қолдиришга мажбур. Камол Отатурк кўчасида ҳам танга тушгудек жой қолдиришмайди.

Вилоят бош архитектори Бобур Элмуродовнинг айтишича, Самарқанд шаҳридаги деярли барча олий ўқув юртлари ўтган асрда барпо қилинган. Табиийки, ўша давр шароитидан келиб чиқиб, автомобиллар тураргоҳи барпо қилинмаган. Бугун эса деярли ҳар икки одамнинг бирида автомашина мавжуд ва бу албатта, университет ва институтларда автотураргоҳлар ташкил қилишни тақозо қилмоқда.

- Бироқ бир нарсани ёддан чиқармаслик керак, - дейди Б.Элмуродов. – Аксарият олий ўқув юртларида ортиқча ер майдони йўқ. Қолаверса, аксарият институт ва университетлар Самарқанднинг тарихий қисмида жойлашгани учун уларга қўшимча жой ажратиб, автотураргоҳ қуришнинг иложи бўлмаяпти.

Муаммони ким ҳал қилади?

- Олий ўқув юртлари автомобиль турар жойлари йўқлиги боис ўқитувчи ва талабаларнинг шахсий машиналари шаҳарда йўловчи транспорти қатновида бир қатор муаммоларни келтириб чиқараётгани рост, - дейди Самарқанд шаҳар ҳокимининг ўринбосари Рустам Олимов. - Аммо ҳозиргача бирор бир университет ёки институт бизга автотураргоҳ учун ер ажратиш тўғрисида мурожаат билан чиққани йўқ.

Кўриниб турибдики, шаҳар ҳокимлиги муаммонинг мавжудлигини билгани ҳолда, уни ҳал қилиш учун кимдир мурожаат қилишини кутмоқда. Ваҳоланки, аслида бу борада ҳокимият томонидан чора-тадбирлар кўрилиши лозим эмасми? Умуман, маҳаллий ҳокимликлар муаммонинг асоратини эмас, туб сабабларини ўрганиш ва ҳал этишга эътибор қаратишни қачон ўрганар экан?!

Шаҳарда тартибли ва қулай жамоат транспорт хизматининг йўлга қўйилиши ҳам институт ва университетлар олдидаги тирбандликларнинг олдини олишга хизмат қилмайдими?

Ўқитувчи ва талаба тенг ҳуқуқли эмасми?

Эътибор қилсангиз, бизда университет ёки институт ўқитувчиси ва талаба орасида катта фарқ бор. Аниқроқ айтганда, олий ўқув юртида таълим берувчиларга яхшироқ шароит яратиб беришга ҳаракат қилинади.

Самарқанд шаҳридаги исталган олий ўқув юртидаги аҳволни ўрганиб кўришингиз мумкин: талаба ўқишга автомобилда келиб, уни қулай жойда қолдириб кетиш имконияти яратилмаган.

- Ҳозир нафақат ўқитувчилар, балки талабалар ҳам дарсга шахсий машиналарида келишади, - дейди СамДУ ўқитувчиларидан бири. – Улар барвақт келиб, ўқитувчилар машина қўядиган майдончаларга ўз уловларини жойлаштиради. Оқибатда ўқитувчилар бутун хиёбонни айланиб, машина қўйишга жой қидириб дарсга кеч қолмоқда. Айримлар ҳатто жой талашиб жанжаллашишга ҳам бормоқда. Бу кичик масала бўлса ҳам ўз ечимини топмаса, кўпгина муаммолар келтириб чиқмаслиги учун ким кафолат беради? Чунки бундан кейин истаймизми-йўқми машиналар сони кўпайиб бораверади.

Тўғри, шароит имкон даражасида яратиляпти. Аммо ташкил қилинган автомобиллар тураргоҳида институт ёки университет ўқитувчилари автошинасидан жой ортиб қоладими? Афсуски, йўқ. Чунки ҳозирча шаҳри азимдаги олий ўқув юртлари ичида энг катта автотураргоҳлар СамДАҚИ ва ТАТУ Самарқанд филиалида эканлигини ҳисобга олсак, уларда ҳам нари борса 100 тагача автомашина қўйиш мумкин. Демак, ўқитувчиларнинг ҳам ҳаммаси ишга шахсий автомобилида келиши шарт эмас...

Шароит ва имконият ҳақида ҳозирча орзу қилманг

Дарҳақиқат, шундай. Негаки, Самарқанд шаҳридаги қайси институт ёки университетда автомобиллар тураргоҳи ташкил қилинган бўлса, унда зарур шароит йўқ. Мисол учун, бирорта олий ўқув юртининг ҳовлисида ташкил қилинган автомобиллар тураргоҳида ҳеч ким машиналар тартиб билан қўйилиши ва хавфсизлиги учун жавоб бермайди.

Боз устига бирорта автотураргоҳда машиналар учун қуёшнинг иссиғидан ёки ёғингарчиликдан ҳимоя ҳақида гапириш ортиқча. Яъни автотураргоҳ дейилган майдонлар шунчаки асфальт қилинган, холос. Ҳафсала қилинса, белгиланган тартибда оқ чизиқлар чизиб чиқилади.

Умуман, институт ёки университет атрофида автомобиллар тураргоҳи ўқув биносидаги жорий ёки капитал таъмирлаш жараёнида ободонлаштириш ишларининг бир қисми сифатида амалга оширилади. Демакки, айнан шу масала учун муайян маблағ ажратилиб, тураргоҳни қай йўсинда барпо қилиш белгиланмайди.

Бир сўз билан айтганда, ўқитувчи ёки талаба йўл четида қолдирилган машинасининг хавфсизлиги қанчалик кафолатланмаган бўлса, университет ёки институт ҳудудида турган машинага туғилиши мумкин бўлган хавф уникидан кам эмас.

Янгилик киритиш, замонавий фикрлаш бизга эмасми?

Таниқли журналист Шарофиддин Тўлаганов ижтимоий тармоқларда АҚШга сафари ҳақида ёзиб, саёҳатнинг энг ёдда қоладиган қисми сўзсиз Калифорния Дэвис университети (UC Davis)да бўлганлигини эътироф этган. Университет ҳовлисидаги автомобиллар тураргоҳи (паркинг) журналистнинг эътиборини тортган. Чунки унинг томи жуда ҳам қалин бўлган. Маълум бўлишича, автотураргоҳдан ҳам автомобиллар бошпанасидан ташқари, қуёш энергиясидан электр олишда ҳам фойдаланилар экан. Олинган электр энергияси университетнинг эҳтиёжини таъминлашга бемалол етаркан. Қойил қолмасликнинг иложи йўқ, шундай эмасми?

Энди ўзингиз айтинг, биз қачонгача қойил қолиб юрамиз? Қачон бизга қойил қолишади? Майли, қойил қолишмасин, аммо қачон замонавий стандартлар асосида иш олиб борамиз?

Афсуски, имкониятдан унумли фойдаланиш, мавжуд ресурсларни оқилона сарфлаб, янги имкониятлар қидириш ҳозирча институт ва университетларимиз мутасаддиларининг хаёлига келгани йўқ. Башарти шундай бўлмаганида шу пайтгача олий ўқув юртлари атрофида автотураргоҳлар барпо этиш фақат реконструкция даврида вилоят ҳокимлиги томонидан амалга оширилмаган бўларди.

Замонавий автотураргоҳ керакми?

Бизнингча, керак. Афсуски, ҳозирча Самарқанд шаҳрида янгича услубдаги ва кўпгина қулайликларга эга автомобиллар тураргоҳи барпо этилгани йўқ. Балки шунинг учун бу тўғрисида деярли тасаввурга эга эмасмиз.

Кузатишларимиз натижасига кўра, кўп қаватли автотураргоҳлар қуриш учун катта маблағ сарфланади, деган ҳадик деярли ҳаммани хориждагиларга ўхшаш автотураргоҳлар ташкил қилиш учун маблағ ажратишдан тўхтатиб турибди.

Тўғри, бир вақтлар халқ тилида “Янги бозор”, деб юритиладиган савдо комплекси яқинида кўп қаватли автотураргоҳ қуриляпти, деган хабарлар пайдо бўлганди. Аммо бугун қурилиш ишлари айрим сабабларга кўра, тўхтаб қолган.

Маълумотларга кўра, Самарқанд шаҳрида қурилажак Муз саройи ёнида чет элдагидан қолишмайдиган автотураргоҳ биноси қурилиши режалаштирилган. Демак, бу иш ўзини оқлайди ва уни йўлга қўйиш мумкинлигини мутасаддилар тушуниб етган кўринади. Бу эса яқин ўртада «парковка» масаласида ижобий ўзгариш кузатилишидан дарак беради.

Ургут туманида хитойлик тадбиркорлар томонидан кўп қаватли автотураргоҳ қурилаётгани ҳам бу фаолиятнинг истиқболи борлигини кўрсатиб турибди. Ахир Чин юрти ишбилармонлари фойда келмайдиган бизнесга пул тикмаслиги ҳар тонг қуёш Шарқдан чиқиши каби аён ҳақиқат-ку.

Олий ўқув юртлари хусусий бизнес билан шерикликка ўтса-чи?

Кейинги йилларда барча институт ва университетларда талабалар қабул квотаси кўпаймоқда. Бу табиийки, шахсий автомобилида қатнайдиган талабалар сонининг янада ошишига сабаб бўлади.

Бизнингча, биринчидан, шаҳримизда жамоат транспортини янгича, замонавий кўринишда ташкил қилишни ўйлаб кўриш керак. Энг муҳими, университет ва институтлар учун янги ўқув бинолари қуриш, бунинг учун тадбиркорлар билан шерикчиликни йўлга қўйиш керак.

Қолаверса, тадбиркорга қурилажак бинонинг муайян қисмини автотураргоҳ учун мўлжаллаш талаби қўйилса, ҳам ўқитувчи, ҳам талабаларга қулайлик яратилади. Бу талабалар сони кўпайиб, шароити бунга етмаётган олий ўқув юртларида муаммонинг ечими бўлиши табиий. Балки шунда талабалар учун «парковка» ҳам, шаҳардан бошқа ҳудуддан бўлган талабалар ва ўқитувчилар учун турар жой ҳам ташкил қилинади.

Бу бизнинг таклифимиз эди. Сиз нима дейсиз?

Дилмурод ТЎХТАЕВ,

Ёқуб ГАДОЕВ.