Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандлик баскетболчилар Ўзбекистон чемпиони бўлди

Самарқанд шаҳрида баскетбол бўйича 2004-2005 йилларда туғилган ўсмирлар ўртасида Ўзбекистон чемпионати бўлиб ўтди.

16 октябрь куни бошланган мусобақада саккиз вилоятдан келган баскетболчилар икки гуруҳга бўлинган ҳолда баҳс олиб борди. Муросасиз кечган беллашув финалида вилоятимиз терма жамоаси Тошкент шаҳри терма жамоаси устидан 103-56 ҳисобида ғалаба қозонди. Учинчи ўрин учун кечган баҳс натижасига кўра, Наманган вилояти жамаоси сирдарёлик баскетболчиларни мағлуб этди.

-  Кейинги йилларда самарқандлик баскетболчилар республикада асосий учликда ўрин эгаллаб келмоқда, - дейди баскетбол бўйича мусобақа бош ҳаками Дилшод Ҳошимов. – Бугун ўтказилган финал баҳсида спортчилар ўз маҳоратини кўрсатиб, тошкентлик баскетболчилар устидан ғалабага эришди. Самарқанд вилоятида база яратилгани учун турли ёшдаги спортчилар профессионал даражага етган. Мазкур спорт иншооти руспублика ва Осиё ўйинларини ўтказишга мос бўлгани учун ҳам чемпионатни шу ерда ўтказдик.

-  Бугунги мусобақада рақиб жамоа ўйинчилари ҳам анча кучли эди, - дейди вилоятимиз терма жамоаси аъзоси Синан Маҳмедов. – Мураббийларнинг кўрсатмаси ва тинимсиз машғулотлар натижасида чемпион бўлдик. Келгусида бундан-да катта мусобақаларда ғолиб бўлишга интиламиз.

Ҳусан ЭЛТОЕВ.