Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандлик ҳайдовчининг автомашина ойналарини қорайтирганлик бўйича рухсатномани сохталаштиргани аниқланди

Транспорт воситалари ҳайдовчилари ва йўловчилар, шу жумладан, республика ҳудудига ташриф буюрадиган туристлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 июлда “Туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали енгил автотранспорт воситаларидан фойдаланишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ енгил автомобилларнинг орқа, ён ойналари тусининг ёруғлик ўтказувчанлиги чекланмаган даражада, олд ён ойналарининг ёруғлик ўтказувчанлиги 50 фоиздан кам бўлмаган даражада қорайтириш белгиланди.

Шунингдек, туристик йўналишларда йўловчи ташиш фаолиятини амалга оширувчи автобус, микроавтобус ва минивенлар ён ойналарининг тусининг ёруғлик ўтказувчанлиги 50 фоиздан кам бўлмаган даражада ўзгартириш (қорайтириш) тасдиқланган давлат стандарти бўйича Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати томонидан 1 йил муддатга бериладиган рухсатномага асосан амалга ошириш мумкинлиги қайд этилди.

Ҳукуматимиз томонидан яратилган шарт-шароит ва имкониятлардан унумли фойдаланиш нуқтаи назаридан фуқароларга Ўзбекистон Республикаси Қонунларини ҳурмат қилган ҳолда, 2019 йил 5 августдан йил якунига қадар Самарқанд вилояти бўйича жами 2877 та транспорт воситалари эгаларига белгиланган тўловларни амалга ошириб, транспорт воситаларининг ойналари тусини ўзгартириш (қорайтириш) учун махсус рухсатномалар берилган.

Шунга қарамасдан, айрим фуқароларимиз Ўзбекистон Республикаси Қонунларини менсимаган ҳолда, рухсатсиз, ўзбошимчалик билан ноқонуний равишда транспорт воситаларининг ойналари тусини ўзгартириш (қорайтириш) ҳамда махсус рухсатномаларни сохталаштириш каби қонунбузилиш ҳолатларини содир этмоқда.

Жумладан, Самарқанд вилояти ИИБ ЙҲХБ томонидан олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида 2019 йил 29 декабрь куни соат 15:30 ларда Самарқанд шаҳар Рудакий кўчасида хизмат олиб бораётган ЙПХ инспектори, катта сержант А.Рофеев томонидан жезл ва ҳуштак ёрдамида ҳайдовчи Х.Н. бошқарувида бўлган “Ласетти” русумли, 30 V 077 МА давлат рақам белгили автотранспорт воситаси тўхтатилиб, ҳужжатлари кўздан кечирилганда, автотранспорт воситасининг ойналарини тусини ўзгартиришга рухсат берувчи АА серияли 0048310 рақамли рухсатнома сохталигига шубҳа уйғотган, олиб борилган дастлабки суриштирув жараёнида АА серияли 0048310 рақамли рухсатнома “Nexia-3” русумли давлат рақам белгиси 30 341 ВВА бўлган автомашинага берилган бўлиб, ҳайдовчи Х.Н. ушбу рухсатномани нусха кўчириш йўли билан сохталаштирганлигига иқрор бўлган.

Ҳайдовчининг ҳаракатларида Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 228-моддасида кўрсатилган жиноят аломатлари мавжудлиги сабабли унга нисбатан тўпланган ҳужжатлар қонуний қарор қабул қилишлик учун  Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ тергов бўлимига юборилган бўлиб, ҳолат юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Самарқанд вилояти йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ахборот хизмати.