Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандлик ўқувчилар Италияда ўтказиладиган HIPPO халқаро инглиз тили фан олимпиадасида қатнашиши мумкин. Агар...

Жорий йилнинг февраль ойида Самарқанд шаҳридаги 37-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида HIPPO халқаро инглиз тили фан олимпиадасининг ҳудудий босқичи бўлиб ўтганди. Унда вилоятимиздаги умумтаълим мактабларининг 1-11 синф ўқувчилари ихтиёрий равишда иштирок этди.

Яқинда ушбу босқичнинг жавоблари эълон қилинди. Унга кўра, вилоятимиздаги умумтаълим мактабларининг 20 нафар ўқувчиси ғолиб бўлиб, республика босқичида иштирок этиш йўлланмасини қўлга киритишди.

Самарқанд шаҳридаги 1-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида ғолиб бўлган ўқувчиларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Уларга вилоят халқ таълими бошқармасининг ташаккурномаси, эсдалик совғалари топширилди.

Жорий йилнинг 14 март куни HIPPO халқаро инглиз тили фан олимпиадасининг республика миқёсидаги кўрик-танлови бўлиб ўтади. Унда муваффақиятли иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритган ўқувчи-ёшлар Италияда бўлиб ўтадиган халқаро инглиз тили фан олимпиадасида қатнашади.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, HIPPO халқаро инглиз тили фан олимпиадаси 2012 йил Англиянинг “Pearson Education” ташкилоти кўмаги билан Италиянинг “Global HIPPO Association” уюшмаси тасарруфида ташкил этилган.

Ҳозирги кунда дунёнинг 40 дан ортиқ (инглиз тили асосий тил ҳисобланмаган) давлатларидан 36 минг нафар атрофида иштирокчилар қатнашиб келмоқда. Олимпиаданинг ҳар бир иштирокчиси HIPPO олимпиадасида Буюк Британиянинг халқаро стандарт даражасига эга бўлган IESOL тестларини топширади. Иштирокчилар сўзлашиш, ўқиш, ёзиш ва тинглаб тушуниш кўникмалари бўйича беллашади.

Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати.