Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанднинг ипак гиламлари уйда тўқилмоқда

Самарқанд нафақат тарихий ёдгорликлари-ю табаррук қадамжолари, балки бой ҳунармандчилик маҳсулотлари ва нафис ипак гиламлари билан ҳам машҳур. Гиламдўзлик шаҳарда санъат даражасигача кўтарилган ҳунар ҳисобланади.

Очиғи, бу борадаги шуҳрат бугун бевосита “Самарқанд-Бухоро ипак гиламлари” қўшма корхонаси фаолияти билан боғлиқ. Хўш, 250 нафар хотин-қиз фаолият кўрсатаётган мазкур корхонада бугунги карантин пайтида иш қай тартибда йўлга қўйилган?

- Албатта, уй шароитида, - дейди корхона раҳбари Фурқат Ниёзов. - Карантин талаблари асосида ходимларимиз ишчиларимизнинг уйларига табиий бўёқлар билан рангланган ипак ипларини вақтида етказиб бермоқда. Улар эса дизайнер яратиб берган нақш эскизлари асосида тўқишмоқда.

Кўпчилик балки билмас, катталиги 1 метрга 1,5 метр бўлган ипак гиламлари 6 ойдан 1 йилгача тўқилади. Шу жиҳатдан уйда тўқиш ишчиларга қийинчилик туғдирмайди. Биз айрим тўқувчилар иш фаолияти билан қизиқдик.

- Ипак гилами тўқиш сабр, қунт ва матонат талаб қилувчи меҳнат, - дейди Самарқанд тумани Қумзор маҳалласида яшовчи Шоҳсанам Мирзаева. - 20 йилдан бери “Самарқанд-Бухоро ипак гиламлари” қўшма корхонасида ишлаб, ушбу ҳунар билан шуғулланиб келаман. Бир ярим ойдан буён уйда ишлаяпман. Рўзғор ишларидан бўшаган пайтимда кунига 4-5 соат тўқийман. Фарзандларим ҳам доим ёнимда - кўмаклашади.

- Карантин бошланган кундан буён уйдамиз, аммо ишсиз, даромадсиз қолганимиз йўқ, - дейди Самарқанд шаҳридаги Сарбон маҳалласида яшовчи Моҳинур Болтаева. - Чунки гилам тўқиш дастгоҳи ихчам, шу боис ишхонадан уйга олиб келганмиз. Муҳими, биз тўқиётган гиламларнинг доим харидори бор. Гиламларимизнинг нақшлари, кўзни қувнатувчи ранглари хорижлик сайёҳларни мафтун этади. Шунинг учун оғринмай харид қилишади.

- Ҳақиқатан ҳам сиз тўқиётган гиламнинг нақшлари бошқача экан, бунда бирор маъно борми? Табиий бўёқлардан фойдаланишнинг сири нимада? - сўраймиз Моҳинур опадан.

- Гиламлардаги нақшлар ҳам, гуллар акси ҳам ўзининг мантиқий маъносига эга, - дейди гиламдўз. - Яъни, бахт, бойлик, фаровонлик, серфарзандлик тимсоллари гиламларда ўз аксини топади. Табиий бўёқларсиз ипак гиламларининг қадри бўлмайди ҳисоб. Корхонамизда тўқилганига бир асрдан ошган гиламлар бор. Улар ҳанузгача ўз жилосини йўқотмаган. Табиий бўёқлардан фойдаланиб тўқиётган мана шу гиламларимиз ҳам бир неча аср хизмат қилади.

Акрам Бўриев.