Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

СамВМИ талабаси халқаро челленж ғолиби бўлди

Самарқанд ветеринария медицинаси институти талабаси Нурмуҳаммад Нарзиев Халқаро эпизоотик Бюро томонидан ташкил этилган мусобақада мутлақ ғолибликни қўлга киритди. Интернетда челленж тарзида ташкил этилган мазкур ҳалқаро беллашув дунё миқёсида жорий йилнинг 15 январидан 12 февраль кунига қадар ўтказилди. Унда дунёнинг барча мамлакатларидан озиқ-овқат хавфсизлиги ва ҳайвонлар орқали тарқаладиган вирусли касалликлар бўйича тадқиқотчилар, ветеринария мутахассислари ва талабалар иштирок этди.

Халқаро эпизоотик бюро 1924 йилда ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда дунёнинг 180 дан ортиқ давлатлари мазкур халқаро ташкилотнинг аъзоси ҳисобланади. Ўзбекистон мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ, 1992 йил 9 октябрдан Халқаро эпизоотик бюронинг аъзоси саналади ва Халқаро Ветеринария кодексига мувофиқ хорижий давлатлар билан ҳар томонлама тенг ҳуқуқли муносабатлар, ҳамкорликлар йўлга қўйилган.

Озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи бугун дунёнинг энг глобал муаммоларидан бири сифатида эътироф этилади. Ҳайвонлардан тарқаладиган ва эпидемияга айланиб, давлатлар иқтисодиётига катта миқдорда зарар келтирадиган ҳолатларнинг олдини олиш, ўрганиш ва татбиқ этишни мақсад қилган Халқаро эпизоотик бюро томонидан бу челленж иккинчи бор ўтказилмоқда. Ўтган йилги мусобақада 250 минг балл билан Жанубий Африка Республикаси вакили ғолибликни қўлга киритган эди. Бу йил эса 798 минг балл тўплаб, Ўзбекистон вакили, яъни Самарқанд ветеринария медицинаси институти талабаси муваффақият қозонди.

Танлов шартларига кўра, барча саволларга тўғри жавоб бериб, энг юқори балл тўплаган ғолиб Франция пойтахти Париж шаҳрига 7 кунлик саёҳат йўлланмасини ҳамда ҳар йили май ойида ХЭБ штаб-квартираси жойлашган Парижда бўлиб ўтадиган Делегатлар бутунжаҳон ассамблеясининг бош сессиясида иштирок этиш имкониятини қўлга киритади.

Демак, 2020 йил ғолиби Нурмуҳаммад Нарзиев май ойида Парижга йўл олади.

- Ҳайвонлар хирургиясига қизиқаман, - дейди Нурмуҳаммад. - Дастлаб билимимни синаб кўриш мақсадида челленжда иштирок этдим. Парижга саёҳат, нуфузли ҳалқаро ташкилотнинг Бош Ассамблеясида иштирок этишни кўпчилик орзу қилади. Лекин мақсад ўзимни синаб кўриш эди. Саволларга тўғри жавоб бераверсангиз, ўзингиз қандай киришиб кетганингизни билмай қоларкансиз. Менда ҳам шундай бўлди. Ухламаган тунларим, интернет яхши ишламай қолган кунлар ҳам бўлди. Челленж 24 соат давом этарди. Кўпинча мусобақа ҳаққоний бўлиши учунми, кейинги саволлар қачон эълон қилинишини аниқ айтишмасди. Ҳар бир тўғри жавобга 30 баллдан беришса, демак, 25 мингтача саволларга тўғри жавоб йўллаганман. Уч кун давомида 1000 баллик саволлар ҳам бўлди. Шунинг ҳисобига омадим келиб, ғолиб бўлдим. Касалликларга тўғри ташхис қўя олганимдан хурсандман. Илмий раҳбарим, ветеринария фанлари номзоди, доцент Р.Тоштемировга, устозларим доцент Б.Нарзиев ва ассистент Ж.Йўлчиевларга миннатдорчилик билдираман. Ғалабамда уларнинг ҳиссаси катта.

Челленжга киришган пайтим энг олдинги ўринларда кетаётганлидердан 11 000 балл ортда эдим, аммо омадим келди.

Яна бир қизиқ маълумот, Халқаро эпизоотик бюро томонидан ташкил этилган мазкур челленжда иккинчи ўрин соҳиби ҳам Самарқанд ветеринария медицинаси институти магистранти Рашид Суюнов. Рашид мусобақанинг охирги ўн кунлигигача лидерлар сафида бўлган. У 731 минг бал йиғиб, иккинчи ўрин соҳибига айланган. Демак, Рашид ҳам ғолиблар сафида. У кучли ўнталикда Ҳиндистон ва Миср вакилларидан олдинги ўринларни банд қилган.

- Йирик шохли қорамоллар ўлати бугун дунёда кам учрайдиган эпизоотия, - дейди Рашид. - Ташкилот ўтган асрда дунёда айнан шундай вазият юзага келган ва давлатларнинг иқтисодига катта зарар келтирган воқеалар муносабати билан ташкил этилганлиги учун мусобақа мавзуси ана шундай рамзий маъно касб этди. Биздан эълон қилинган касалликларга тўғри ташхис қўйиш сўралганди. Буни бажара олдик ва энг олдинги ўринларни эгалладик.

Гулчеҳра БЕРДИЁРОВА.