Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

“Сеҳрли диёр” остонасида...

Рустам Жабборовнинг Америка таассуротлари

«Биз Америкага борамиз!” Эсингиздами, машҳур “Титаник” фильмининг бош қаҳрамони ана шундай қувончли ҳайқириқ билан олис сафарга отланганди. Умуман олганда, Америка дунёнинг ҳар бир нуқтасида яшовчи инсонларни ўзига торта оладиган жозибали диёр. Унинг сир-синоати, куч-қудрати, таровати ҳақида сўзлаган билан сўз  тугамайди. Хуллас, минг марта эшитгандан бир марта кўрган афзал, Бунга биз ҳам ўз кўзимиз билан кўрганларимиз мисолида ишонч ҳосил қилдик.

Салом, Вашингтон!

Картинки по запросу вашингтон

Тошкент билан Вашингтон орасидаги масофа 10 минг чақиримдан кўпроқ. Аммо, транзит  рейслар билан училганида ундан ҳам кўпроқ бўлиши мумкин. Хусусан, Тошкент-Алмати-Франкфурт-Вашингтон йўналишида бу масофа камида бир ярим баравар ортади.

Хуллас, учта аэропортдаги кутиш вақтларини ҳам қўшиб  ҳисоблаганда, 38 соат деганда Америка пойтахтига етиб бориш мумкин. (Албатта, парвозлар оралиғидаги вақт ҳар гал турлича бўлишини унутмаслик керак).

Вашингтон-Даллес аэропорти мамлакат пойтахтининг ташқи олам билан боғловчи асосий дарвозалардан бири. АҚШнинг Президент Дуайт Эйзенхауэр ҳукумати давридаги давлат котиби Жон Фостер Даллес номи билан аталадиган ушбу аэропорти 80 та маҳаллий, қирққа яқин хорижий йўналишларга хизмат кўрсатади. Йўловчилар оқими ниҳоятда катта бўлгани учун паспорт назоратидан ўтиш анча вақтни олади. Тасмалар оралаб турнақатор саф тортган йўловчилар орасида турли ирқ ва миллатга мансуб минглаб  қиёфаларни учратасиз.

Виржиния штатида жойлашган ушбу аэропортдан то Вашингтон марказига қадар 48 чақирим йўл босишга тўғри келади. Йўллар равон, машиналар тирбанд бўлса-да, тартибсизлик йўқ, асабий сигналлар эшитилмайди. Йўл белгиларининиг шакл шамойили бир мунча фарқ қилса-да, бир қарашда тушунса бўлади. Масалан, “Speed limit 45 miles” белгиси соатига 45 мил (72 километр)гача йўл босиш мумкинлигини билдиради.

Шаҳарга кириб бораркансиз, йўл четидаги ям-яшил манзаралар, қалин дарахтзорлар кўзга ташланади. Ниҳоят узоқдан шаҳарнинг осмонўпар бинолари бўй кўрсатади. Мана, асов Потомак дарёси устида  қурилган Лонг-Бридж кўприги ҳам ортда қолди.

Вашингтон! Қудратли давлатнинг муҳташам пойтахти! Шаҳарнинг расмий номи District of Columbia, яъни Колумбия округи. Кўпчилик Вашингтон шаҳрини АҚШнинг шимолий ғарбий қисмида жойлашган Вашингтон штати билан адаштириб қўймаслик учун қисқача Washington D.C. (“Вашингтон ди-си”) деб ҳам аташади. Шаҳар 1791 йилда ташкил этилган ва АҚШнинг биринчи президенти Жорж Вашингтон шарафига шундай ном олган.

Кўпчиликни шаҳар номининг ўзиёқ ваҳимага солади ва унинг нуфузи  жуда кўп бўлса керак, деб ўйлайди. Ундай эмас. Шаҳарнинг доимий аҳолиси 600 минг киши атрофида (2010 йил). Аммо агломелорация (яқин атрофдаги аҳоли пунктлари)ни қўшиб ҳисоблаганда. 5 миллион  кишидан ошади. Ҳолбуки, Нью-Йорк, Чикаго, Лос Анжелес, Сакраменто, Феникс сингари шаҳарларда аҳоли сони Вашингтондагидан анча кўп. Шу боис шаҳарда турар-жойларга қараганда маъмурий бинолар, боғлар, ёдгорликлар, савдо мажмуалари, кўнгилочар масканлар, меҳмонхоналар кўпроқ.

 Оқ Уй олдида...

Картинки по запросу oq uy aqsh

Бир гуруҳ ўзбекистонлик журналистларнинг “сеҳрли диёр”га ташрифи табиийки, пойтахтнинг диққатга сазовор жойлари билан танишишдан бошланди. Оқ Уй наинки Вашингтон ёки АҚШ, балки дунё сиёсатининг энг йирик марказларидан бири. Ушбу бетакрор бино қурилган 1800 йилдан бери унда Жон Адамсдан то Трампга қадар ўнлаб давлат раҳбарлари яшаб, фаолият кўрсатган. Ҳар куни минглаб сайёҳлар келиб, бу сиёсий бинони ўз кўзлари билан кўриб, кўздан кечириб, унинг фонида суратга тушиб қайтади.

Оқ Уйнинг бевосита ичига кириб томоша қилишни ким истамайди? Аммо таъмир ишлари кетаётгани учунми, бу тарихий бинони Оқ Уйнинг орқасидан ўтувчи Пенсильвания авенюси томонидан кўришга муваффақ бўлдик.

Ушбу кўчанинг нариги тарафидаги хиёбон эртаю кеч одамлар билан гавжум. Кимдир ўзини расмга тушиширш билан овора. Қайсидир тинчликпарвар ташкилот аъзолари ўз тарафдорларини кўпайтириш мақсадида ўтган-кетганлардан имзо тўплашга ошиқади. Кўчанинг нариги тарафида, Оқ Уйнинг шундоқ орқасидаги майдонда яна қандайдир гуруҳ аъзолари митинг ўтказмоқда. Гуруҳ раҳбари овоз кучайтиргичда нималарнидир уқтириб бақиради.  Бошқалар унга жўр бўлишади. Бир икки нафар полициячи четдан манзарани хотиржам ва лоқайд кузатяпти...

Хиёбондаги озодалик, тароват, яшиллик кўзни қувонтиради. Катталар билан бирга келган кичкинтойлар ўтлоқ бўйлаб чопиб юрган олмахонларни қувлаш билан овора. Хиёбон номи Америка инқилоби(1783 йил)нинг фаол иштирокчиси, француз армияси генерал-майори Жильбер де Лафайетт (1752-1834) номи билан аталади. Шу боис бу ерда 1890 йилда француз ҳайкалтароши Александр Флагьер томонидан мазкур ёдгорлик тикланган.

Хиёбонда, Лафайетт ҳайкалидан 20 метрча нарида яна бир француз ҳарбийси, Америка инқилоби иштирокчиси генерал Рошамбо (1725-1807) ҳайкали қад ростлаган. Бу ўринда ушбу ҳарбийлар таржимаи ҳолини ёзиб, вақтингизни олмоқчи эмасман. Ҳар қалай бу икки француз ҳарбийсининг Франция ва Америка учун бу қадар катта хизмат қилмаганида,  Вашингтон марказида, Оқ Уй қаршисида  уларнинг ҳайкалига ўрин берилмас эди.

Кўчаларни яёв кезганда...

Оқ Уй ёнидаги кўчаларни пиёда айланишнинг бошқача  гашти бор. Ҳаво ҳарорати анча юқори бўлишига қарамасдан, кўчада одам жуда кўп. Ҳар қадамда махсус совуткичларда сув сотиб юрганларни учратасиз. Атиги бир ёки икки доллар эвазига (1) елим идишдаги ярим литрли сув чанқоғингизни босади (биздан камида ўн баравар қиммат).

Картинки по запросу белый дом сша улиса

Пиёдалар йўлагининг чеккасида кўчма савдо шахобчалари ўрнатилган. Асосиан хитойлик сотувчилар савдо қиладиган бу дўконлардан  фаст-фуд, ўйинчоқлар, эсдалик совғалари, турли аксессуарларни  харид қилиш мумкин. Маҳсулотлари ҳам асосан Хитойда ишлаб чиқарилган. Йўлакларда электрон самокатларда сайр қилаётганларни ҳар қадамда учратасиз. Ушбу самокатлар телефондаги махсус иловалар орқали ишлатилади. Иловада ўз ҳисобингиздан маълум миқдордаги тўловни амалга ошириб, самокатдан маълум вақт давомида фойдаланасиз. Тўлов муддати ўтгач самокатлар блокланади ва ҳаракатдан тўхтайди.

“Оқ уй”нинг ён тарафидаги гавжум тротуардан одимлаб бораркансиз, олисдан кўкка қадалга ханжар шаклини эслатадиган Вашингтон монументи кўриниб туради. Обида  Жорж Вашингтоннинг 100 йиллиги муносабати билан 1830 йилда, Оқ уй ва Капитой тепалиги оралиғида  қурила бошлаган. 170 метр баландикка эга бўлган бу обида то Эйфель минораси қурилгунга қадар дунёдаги энг баланд иншоот бўлиб ҳисобланган. Унинг тепасига 896 та поғонали зинапоя ёки лифт ёрдамида кўтарилиш мумкин.

Унинг тепасидан бутун Вашингтон, ҳатто Мериленд ва Виржиния штатининг катта ҳудудида яққол кўриниб туради. Лекин, ўзимиз унинг тепасига чиқиб кўролмадик.

Линкольнга эҳтиром ифодаси

Вашингтон Марказидаги Миллий хиёбондан ўрин олган тарихий обидаларлардан бири АҚШнинг 16-президенти Авраам Линкольн ёдгорлигидир. Янги юнон  услубида барпо этилган иморат 1914-1922 йилларда қурилган. Оппоқ мармардан, архитектор Генри Бэкон лойиҳаси асосида ишланган бу иншоот Американинг энг кўп зиёрат қилинадиган ёдгорликлари қаторидан ўшрин олган. Бу ерга ҳар йили 6 миллиондан ортиқ маҳаллий ва хорижий туристлар келиб кетади.

Бинога кириш учун ўнлаб мармар зиналардан юқорига кўтарилишга тўғри келади. Ичкарига киришингиз билан Сизни курси устида савлат тўкиб ўтирган буюк сиёсатчининг салкам олти метрлик баҳайбат ҳайкали қарши олади.

Ҳайкал тепасида қуйидаги сўзларни ўқиш мумкин: “Авраам Линкольн хотираси унинг мамлакат бирлигини асраб қолганига ишонч билдирган одамлар қалбида ва ушбу меъморий обида бағрида абадий сақланади”. Очиғи, ўзим ҳам шу пайтга қадар бу иншоотни Линкольн мақбараси бўлса керак, деб юрардим. Ундай эмас экан.

Тарихдан маълумки, Авраам Линкольн АҚШни 1861-1865 йиллар давомида бошқарган, у бошқаруви давомида ўз ватанини фуқаролар уруши гирдобидан олиб чиқишни уддалаган, қулликни расман бекор қилган, Европа мамлакатлари билан алоқаларни яхшлишга қаракат қилган эди. У Америкада шимол ва жануб низоларида шимолликларнинг манфаатларини ҳимоя қилган, бу эса жанубда унга нисбатан норозилик тўлқинини келтириб чиқарган.

Шу боис, 1865 йил 14 апрель куни Форд театрида  “Менинг америкалик қариндошим” спектакли тақдимотида жанубликлар тарафдори бўлган актёр Жон Уилкс Бут Президент ўтирган ложага югуриб киради ва уни отиб ташлайди. Линкольннинг жасади Спрингфильддаги Оук-Ридж қабристонида дафн қилинади...

“Уруш... номинг ўчсин жаҳонда!”

Оқ Уйдан унча узоқ бўлмаган ҳудудда Вьетнам уруши иштирокчилари учун махсус меъморий ёдгорлик ўрнатилган. Мазкур ёдгорликда бир неча метр узунликдаги Вьетнам уруши қурбонлари ва унда бедарак йўқолган америкалик аскарлар номи битилган  қора мармар девор икки томондан пастга қараб    кенгайиб боради.

Маълумки, Вьетнам уруши ХХ асрдаги энг йирик ва қонли  фожиаларидан бири саналади. Маълумки, АҚШ 1965-1973 йилларда Вьетнамда давом этаётган партизанлар урушида иштирок этади. Ушбу машъум уруш натижасида Қўшма Штатлардан 58 мингдан ортиқ инсон  қурбон бўлган. 1700 дан ортиқ киши бедарак йўқолган. Вьетнам эса, бу урушда 250 минг нафар аскаридан айрилган, тинч аҳоли вакиллари орасидан қурбон бўлганлар  сони ҳануз аниқланмаган.

1979 йилда Америкада Вьетнам уруши қурбонларини хотирлаш фонди ташкил этилади. Уларга атаб ёдгорлик тиклаш мақсадида аҳоли ва турли нодавлат ташкилотларидан 8 миллиондан долларга ортиқ маблағ тўпланади. 1700 лойиҳа орасидан 21 ёшли хитойлик талаба қиз Майи Линнинг лойиҳаси ғолиб деб топилади. Ёдгорлик 1982 йил ноябрда расман очилган. Мазкур “қора девор”дан Вьетнам урушидан қурбон бўлган 58 256 нафар америкаликнинг исми битилган.

75 метр узунликдаги девор тепадан қараганда қанотини икки томонга кериб турган балиқчи қуш шаклини эслатади. Ёдгорлик пойида сокин ҳаракатланарканмиз, девордаги битикларга термиламиз: Николас Фриц, Ричард Гарлик, Майкл Холцсман, Паул Хайнц.... исмларнинг адоғи кўринмайди. Бу совуқ ҳарфлар ортида эрта хазон бўлган умрлар қиссаси яширин.

Албатта, бу фақат бир томондан берилган қурбонларнинг рўйхати. Иккинчи томон қурбонларининг сони бундан бир неча маротаба кўп. Албатта, орадан салкам ярим аср ўтди, қорлар ёғиб, излар босилди. Аммо, ҳар икки томондан қаттол урушда ҳалок  бўлганларни айблашга ҳаққимиз йўқ. Улар кимларнингдир сиёсий хатолари, жиноятлари сабаб юзага келган қирғинбаротнинг айбсиз қурбони холос.

Ёдгорлик маркази – икки девор туташган жойда ногиронлик аравачасида ўтирган қарияга кўзим тушди. У кўзойнагини қўлидаги рўмолчаси билан артганча, ёшланган кўзлари билан адоқсиз битикларга термилади. “Сиз ҳам шу урушда бўлганмисиз?” сўрайман унинг ёнига оҳиста яқинлашиб. Қария менга қарамасдан бош ирғаб тасдиқлайди ва елкалари силкинганча унсиз йиғлайди. Айни чоғда у ким учун йиғлаяпти – қатлиом ичида кечган ёшлик даврларини қўмсабми, беҳуда тўкилган қонлар учунми ё урушдан йўқотган қадронларини эслабми – буниси мен учун сирлигича қолди. Бошқа савол бериш ўринсиз эканини англаб, ундан олислайман.

Ёдгорликни зиёрат қилаётганлар орасида оқ танлию қора танли ҳам,  мусулмону насроний ҳам, инглиз ҳам, араб ҳам бор. Барчанинг юзида маҳзунлик. Шу манзаранинг ўзиёқ ҳар қандай дину миллатда, қитъаю давлатда одамлар урушга қарши эканини яққол кўрсатади.

Конгресс кутубхонаси

Ушбу ёдгорликдан унча узоқ бўлмаган жойда дунёдаги энг йирик кутубхона – Конгресс кутубхонасининг асосий биноси  жойлашган. Кутубхона 1800 йилда АҚШ пойтахти Филадельфиядан Вашингтонга кўчирилган чоғда президент Жон Адамс фармонига кўра, конгрессни зарур адабиётлар билан таъминлаш мақсадида ташкил этилган. Маълумотларга кўра, бу ерда дунёнинг 500 дан ортиқ тилидаги 170 миллион нусхага яқин китоблар, даврий нашрлар, ҳужжатлар, хариталар, нодир қўлёзмалар сақланади.

Кутубхонага кириш, томоша қилиш мутлақо бепул. Ичкарида ташриф буюрувчилар учун барча шароитлар мавжуд. Дунёдаги энг биринчи босма китоб – Иоган Гуттенберг дастгоҳида босилган “Инжил” нусхаларидан бири  ҳам айнан шу ердан ўрин олган. 1775 йилда қабул Мустақиллик декларациясининг қорама нусхаси ҳам худди шу кутубхонадан ўрин олган.

Бинонинг иккинчи қаватида турли мавзулардаги музейлар ташкил этилган. Жумладан тарих, археология, бейсбол, аёлларнинг тенг ҳуқуқлилигига бағишланган музейларда турли қизиқарли экспонатларни кўриш мумкин. Бинонинг битта залига АҚШнинг  учинчи президенти Томас Жефферсоннинг  шахсий кутубхонаси тўлиқ кўчириб келтирилган.

Кутубхона 1460 ўринли 18 ўқув залини ўз ичига олади. Бу ерда 3000 дан ортиқ ходим ишлайди, кутубхона 1,6 миллион китобхонга хизмат кўрсатади. 

Албатта, биргина мақола доирасида дунёнинг энг машҳур ва маъмур шаҳарларидан бири бўлган Вашингтон таассуротларини сиғдириш қийин. Америка сафарининг бошқа тафсилотлари эса, кейинги мақолаларимиз мавзуси бўлади.