Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Сенат раиси Каттақўрғон шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ишлари билан танишди

21 май куни Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳрига ташриф буюрди.

Жорий йилнинг 13 май куни Президентимиз раислигида ўказилган видеоселектор йиғилишида Каттақўрғон шаҳрининг ҳам ривожлантирилишига алоҳида тўхталиб, вазифалар белгиланган эди. Бунда асосий эътибор Каттақўрғон ва Нуробод туманларидаги 1 минг 200 гектар лалми ва яйлов ерларни Каттақўрғон шаҳри аҳолисига фойдаланишга бериш орқали 5 минг кишини иш билан таъминлаш вазифаси қўйилганди.

Уларнинг ўз вақтида бажарилишини таъминлаш мақсадида Каттақўрғон шаҳрида аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича мувофиқлаштирувчи Ишчи гуруҳи томонидан тегишли дастур лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Ташриф мобайнида Т.Норбоева аҳоли, хусусан, тадбиркорлар мурожаатларига эътибор қаратиб, ишбилармонлар томонидан тақдим қилинган 100 дан ортиқ лойиҳалар билан танишди. Тадбиркорларнинг муаммоларини бартараф этиш мақсадида уларнинг банклар раҳбарияти билан учрашувини ҳам ташкил қилди.

Бундан ташқари, ҳудудда маданий-кўнгилочар масканларни барпо этиш, бу борадаги ишларни жадаллаштириш ҳам Сенат раисининг эътиборидан четда қолмади. Хусусан, шаҳарда театрни ривожлантириш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.

Навбатдаги манзил, Ингичка шаҳарчаси, деб хабар қилди Сенат ахборот хизмати.

Сенат раиси Т.Норбоева ушбу ҳудудга ташриф буюриб, амалга оширилиши назарда тутилган лойиҳаларни кўздан кечирди.