Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Шаҳар кўчалари қачон тартибга келтирилади?

Самарқанд вилояти Матбуот уйида вилоят ҳокимининг ўринбосари Акмал Шукуров иштирокида Самарқанд шаҳридаги йўллар ва туристик марказ қурилиши масалаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Таъкидландики, Самарқанд шаҳридаги кўчаларнинг умумий узунлиги 844 километр бўлиб, 2015-2018 йилларда 110 километр қисми 13,5 миллиард сўм маблағ эвазига жорий таъмирдан чиқарилган. Ўтган 2018 йилда 5,8 миллиард сўм эвазига шаҳарнинг ички йўлларидан 39,3 километри таъмирланди.

- Шу йилнинг ўтган даврида 55,2 миллиард сўм маблағ ажратилиб, шаҳар кўчаларининг 95,1 километри таъмирланди, - дейди А.Шукуров. - Бугунги кунда шаҳар ички йўлларининг 379 километри таъмирталаб ҳолатда. Узунлиги 33,8 километр бўлган 3 та кўчани реконструкция қилиш учун 106,7 миллиард сўм маблағ ажратилган бўлиб, ҳозирда қурилиш-таъмирлаш ишлари авжида. Бундан ташқари, 2019-2022 йилларда “Абу-Даби” тараққиёт жамғармасининг 742,5 миллиард сўмлик маблағи ҳисобидан 10 та йўл ўтказгич, тоннель ва кўприк қурилиши режалаштирилган. Кўчаларимизни босқичма-босқич тартибга келтириш, шаҳар йўлларида вужудга келаётган муаммоларни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилган.

Шунингдек, тадбирда кўчаларни таъмирлаш билан бир қаторда, йўл остида тортилаётган янги газ ва сув тармоқлари ҳақида, Самарқанд эшкак эшиш канали атрофида бунёд этилаётган туристик марказ хусусида батафсил маълумот берилди.

Журналист ва блогерларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб қайтарилди.

Тўлқин СИДДИҚОВ.