Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Шавкат Мирзиёев нархлар кескин ошиб кетишига эътибор қаратди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 14 август куни бўлиб ўтган йиғилишда нархларнинг кескин ошиб кетишининг олдини олиш масаласига алоҳида эътибор қаратди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.

Дастлабки 6 ойда инфлясия 5,6 фоизни ташкил қилиб, прогноз кўрсаткичларидан ошмаган. Лекин тарифлар ва нархлар босқичма-босқич бозор механизмларига ўтаётгани боис мутасаддиларга инфлясия ўсишининг олдини олиш бўйича зарур чоралар кўриш топширилган.

Август ойи бошида ўтказилган йиғилишда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш масаласи атрофлича муҳокама қилиниб, бу борада янги тизим жорий этиш белгиланган эди. Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузурида Кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ташкил этилиб, унга тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси, тижорат банклари ва суғурта компаниялари бириктирилди.

Йиғилишда ушбу янги тизимни жойларда жорий этиш орқали кенг аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг бандлиги ва даромадини ошириш зарурлиги таъкидланди.