Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Шавкат Мирзиёев ЮНЕСКО Бош директорини қабул қилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун Самарқанд шаҳрида БМТнинг таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (ЮНЕСКО) Бош директори Одри Азулени қабул қилди.

Давлатимиз раҳбари олий мартабали меҳмонни қутлар экан, Ўзбекистон ва ЮНЕСКО ўртасидаги конструктив мулоқот изчил ривожланиб, шериклик муносабатлари мустаҳкамланиб бораётганини катта мамнуният билан қайд этди.

Одри Азуленинг ушбу нуфузли халқаро институт бош директори сифатидаги мазкур илк ташрифи ўтган йили Париж шаҳрида бўлиб ўтган учрашувнинг мантиқий давоми экани, шунингдек, устувор йўналишларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида томонларнинг интилиши қатъий эканидан далолат бериши таъкидланди. 

Бугунги кунда ЮНЕСКО томонидан Ўзбекистон учун биринчи марта қабул қилинган Мамлакат дастури доирасида устувор йўналишлар бўйича қўшма чора-тадбирлар самарали амалга оширилмоқда.

Халқимизнинг ноёб маданий-тарихий меросини асраш соҳасида ҳамкорлик қилиш ва бу борадаги алмашинувларни фаоллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

Жаҳоннинг илғор тажрибасини чуқур ўрганиш ва жалб этиш мақсадида юртимизда ЮНЕСКО кафедралари тармоғи кенгаймоқда. Ўзбекистоннинг етакчи олий таълим муассасаларида "Дунё динларини қиёслама тадқиқ этиш", "Сув дипломатияси, сув ресурсларини бошқариш ва атроф-муҳит муҳофазаси", "Маданият туризми" каби кафедралар очилмоқда.

ЮНЕСКО кўмагида мамлакатимизда "Шарқ тароналари", бахшичилик санъати, ҳунармандчилик фестиваллари, Мақом санъати анжумани каби қатор йирик халқаро тадбирлар ташкил этилмоқда.

Учрашувда кенг кўламли шерикликни янада ривожлантириш, жумладан, Жаҳон мероси қўмитасининг навбатдаги сессияси якунида эришилган келишувларни сўзсиз амалга оширишнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистонда маданий мерос объектларини ривожлантириш ва асраш соҳасидаги фаол саъй-ҳаракатларни давом эттириш муҳимлиги қайд этилди. Бугун Самарқандда шу мавзуга бағишлаб муваффақиятли ўтказилган қўшма халқаро конференция натижалари юксак баҳоланди.

Маданият, таълим ва фан, гендер сиёсат йўналишларида ҳамда экология, жумладан, Орол фожиаси оқибатларини бартараф этиш йўналишида амалий ҳамкорлик имкониятлари кўриб чиқилди.

ЮНЕСКО Бош директори самимий қабул учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирди.

Юртимизда бой маданий меросни асраб-авайлаш, туризм салоҳиятини рўёбга чиқариш, таълим ва фан, атроф-муҳит муҳофазаси соҳаларида муҳим ўзгаришларни амалга ошириш борасидаги ислоҳотлар ижобий натижалар бераётгани мамнуният билан қайд этилди.

ЮНЕСКО Ўзбекистон билан кенг кўламли шерикликни бундан буён ҳам ривожлантириш ва мустаҳкамлашда қатъий экани тасдиқланди.