Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Шифокор тавсияси: Саҳарлик ва ифторликда ортиқча таом ейишдан тийилиш лозим

“Айни кунларда карантин сабаб биз, шифокорларнинг масъулиятимиз янада кучайган. Аммо рўза бунга мутлақо халақит қилаётгани йўқ. Саҳарликдан сўнг бироз китобга ошно бўламан. Адабиётга қизиқишим азбаройи кучлилигидан уйимда шахсий кутубхона қилганман. Рамазон бошлангандан буён китоб жавоним олдидан кетмай қолдим. “Руҳий тарбия”, “Кифоя”, “Одоблар хазинаси” ва бошқа китоблардан мунтазам ўқиб боряпман.

Бир зумда ишга кетиш вақтим бўлиб қолади. Шифоҳонага отланаман. Тушгача беморлар кўпроқ бўлади. Тушдан сўнг интернет орқали тиббиётга оид янгиликлар ва тадқиқотлар билан танишиб, касбимга оидларини ўрганиб чиқаман. Ишдан сўнг маҳалламиздаги баъзи кекса, қаровчиси йўқ, ижтимоий кўмакка муҳтожлар хонадонларидан хабар оламан (айниқса, Рамазон бошланганидан буён ҳар куни хабар оляпман. Чунки бу суннат!).

Уйга қайтгач, фарзандларим билан динимиз буюрган, ҳар бир мусулмон билиши ва қилиши лозим бўлган фарз, вожиб, суннат ва бошқа амалларни яхшилаб ўрганишга вақт ажратамиз. Шунингдек, Қуръондан суралар, зарур дуолар ва зикрларни ёдлаймиз.

Ифторликдан сўнг, Таровеҳ намозига қадар телевизорда тақдим этилаётган Рамазонга оид дастурларларни томоша қиламиз. Айниқса, ITV орқали диний, маърифий, исломий мавзудаги МУСЛИМ ТВ канали кўрсатув ва намойишларини бутун оиламиз билан берилиб кўрамиз.

Шу ўринда, шифокор сифатида рўзадор юртдошларимизга саҳарлик ва ифторликда вақтида, ортиқча таомланишдан тийилишларини илтимос қилардим. Кун давомида чанқаб, кучсиз бўлиб қолишдан қўрқиб, саҳарликда ортиқча овқатланиш меда-ичак ва ошқозон хасталикларини келтириб чиқаради. Яна бир жиҳати, ортиқча овқат инсонни ҳолсиз, кучсиз қилиб қўяди.

Ҳурматли ватандошлар, азиз биродарлар! Рамазон ойидан унумли фойдаланайлик. Рўза дастурхонини оддий кунлардагидек қилиш мақсадга мувофиқ. Шифокор сифатида рўзанинг саломатликка фойдаси ниҳоятда катта эканлигини эътироф этаман. Фақат саҳарлик ва ифторликда ортиқча таом ейиш ва сув ичишдан тийилиш лозим.

Улуғбек РУСТАМОВ.