Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Шикоят муаллифи номаълум, аммо қайд этилган муаммолар бор

Таҳриятимизга Тойлоқ туманида яшовчи Ш.Саидовдан шикоят хати келди. Мактубда ёзилишича, “ҳудудда тез-тез насос бузилиши туфайли ичимлик сувида узилиш кузатилади, аҳоли эса бу вақтда истеъмолга яроқли сув топишга қийналади. Мисол учун, 14-18 март кунлари ҳам ичимлик сувида узилиш бўлди. Бундан 5-6 йил олдин кам қувватли, 1960 йилларда қурилган бўлса-да, яна бир қўшимча водосборний башня бор эди. Тойлоқнинг қоқ маркази Чороғбон маҳалласидаги бу сув иншоотидан шундай пайтларда фойдаланар эдик. Афсуски, бу сув иншооти ҳозир йўқ.  Туман марказидаги деҳқон бозори эса тартибсиз ва антисанитария ҳолатида бўлиб, ёзда чанг, қишда лой бўлади. Бозорнинг ўртасидан ўтувчи каналга бозор чиқиндиси ташлангани боис канал йўли бекилиб қолган ва бу ердан доим бадбўй ҳид келади”.

Мактубда муаллифнинг исм-шарифи, манзили ҳам, телефон рақами ҳам кўрсатилмаган. Хатжилддаги ёзувдан шикоят муаллифи Ш.Саидов эканлигини билдик. Хатда келтирилган таман марказидаги Чороғбон маҳалласи жумласидан манзилни тахмин қилиб шу маҳалла фуқаролар йиғини раиси Матлуба Аминовага мурожаат қилиб, Ш.Саидов билан гаплашмоқчи эканлигимизни билдирдик.

Икки соатча вақт ўтгач, М.Аминова қўнғироқ қилиб, маҳаллада бешта Ш.Саидов борлигини айтди.

– Ҳозир уларнинг ҳар бири билан учрашдим, аммо ҳеч бири бирор жойга хат юбормаганлигини айтди – деди маҳалла раиси. – Кимдир уларнинг номидан шикоят хати юборган бўлиши мумкин. Аммо ўша кунлари маҳалламизда ичимлик сувида узилиш бўлгани рост. Чунки насослар эскирган. Авваллари бу насослар бошқа ташкилотнинг ҳисобида бўлганлиги учун бузилгач тезда тузатишарди, ҳозир бошқа жойга олиб бориб таъмирлашга анча вақт керак бўляпти. Хатда келтирилган бозор масаласига келсак, туман марказидаги бозорнинг масъуллари, қолаверса тозаликни назорат қилувчи санитария ходимлари бор. Улар каналга чиқинди ташлаб, атрофни ифлослантирувчиларни назорат қилишларини билдиришди.

Унда шикоятни ким юборган? Насослар таъмири учун бир неча кун вақт кетса, бу вақтда аҳоли ичимлик сувини қаердан олади?

Ўктам Худойбердиев.