Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Шукроналик балолардан асрайди

Бу дунёда талабамиз...

Уйимиздан чиқмай туриб, ўзимизни жаннатнинг қоқ ўртасида ҳис этишимиз мумкин. Лекин агар сизда ҳасад, ғараз, такаббурлик ва ҳирс бўлса, дунёнгиз сизнинг шахсий дўзахингизга айланади қолади.

Аллоҳ бизнинг хайрихоҳлигимиз, ғаразгўйликсиз ва меҳр билан қилган истакларимизга жавоб қайтаради. Атрофимиздаги муҳитни ўзимиз яратамиз, шунинг учун бўлса керак, оқил инсон қалбидаги оғирроқ масаланинг ҳал бўлишини бировдан талаб қилмасдан, биринчи бўлиб ўз хулқ-атворини ўзгартириш орқали ҳал қилиши керак.

Нега шундай бўлар экан? Негаки, дунё ўрганишлар асосида яралган. Биз бу дунёнинг талабаларимиз, талабалик фазилатларини ўзимизда шакллантиришимиз зарур. Атрофдагилар эса бизнинг ўқитувчиларимиз. Улар бизга ҳаёт дарсларини ўргатишга, яхшини ёмондан, оқни қорадан фарқ қилишни ўргатиш учун тақдир томонидан юборилган.

Ҳаётга адоват билан қарасак, дунёнинг бизга терс қараши эҳтимоли бор. Дарсимизнинг кўнгилсиз қисми шу тариқа бошланади. Бу талаба имтиҳонда билет олиб, саволлари ёқмаса ёки жавобни билмай туриб, ўқитувчининг холис эмаслигини рўкач қилиб, уни ҳақорат қилаётган ҳолатга ўхшайди.

Ўзида ҳаётга нисбатан душманлик аломатлари борлигини қандай сезиш мумкин?

Бировга нисбатан ҳасад қилиш орқали. Ҳасад – бу биз билан орзуларимиз бошқаларда амалга ошиши орқали келиб чиққан келишмовчилик натижасидир. Масалан, биров бизга сал бошқароқ қараса, “кўзи тегди” деб айтамиз. Аслида эса биз бировнинг муваффақиятига ҳасад билан қараган тақдирдагина бизга “кўз теккан” бўлади. Ана шу пайтда инсон ўзини камситилгандек ҳис қилади, бахт ундан узоқлашади.

Бахт шукроналик самарасидир. Биз атрофдагиларимизга қанчалик шукроналик билан қарасак, онгимиз дарахтининг бахт мевалари гуллашни  бошлайди.

Ҳар бир айтилган раҳмат бизни ҳаётимизда бўлиши мумкин бўлган касалликлардан халос этади, айтилмагани эса битта касалликни қўшади. Бу бизнинг тақдиримиз, бу сўзда яширинган маъно атрофдагиларимизга бериладиган барака ҳамдир.

Тақдир тамойиллари

Фикримиз, режаларимиз юриш-туришимиз келгуси ҳаётимизни шакллантиради. Демак, сизни хафа қилган инсонни кечирсангиз, касалликдан холи бўласиз. Бировнинг ютуқ ва хурсандчилигига шерик бўлсангиз, обрўйингиз ошиб, баракангиз ортади. Шукроналик онгимиз ривожланишининг асосий белгиларидан биридир. Қизиғи, шукроналик балолардан асрайди. Масалан, тобимиз қочди, биз нотўғри хатти-ҳаракатимиз учун гўёки, жазолаётган ўқитувчи сифатида касалликка миннатдорлик билдирсак, бу касаллик руҳий ривожланишнинг бир қисмига айланади. Мухтасар қилиб айтганда, шукроналик безовталикни маънавий бахтга айлантиради. Бахтсизлик ношукурни ўлдиради, миннатдор кишини эса илҳомлантиради. Буни фақат шукроналик орқали англаш мумкин...

Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.