Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Сиам эгизакларининг аҳволи оғир

Самарқандда сиам эгизаклари туғилиши, гўдакларнинг аҳволи ҳамда саломатлиги борасида ўзгаришлар бор-йўқлигини аниқлаштириш учун тегишли мутасаддилар билан суҳбатлашдик.

- Эгизакларнинг онаси айни пайтда жиддий жарроҳлик операциясини бошидан ўтказгани туфайли даволанишда, - дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг оналик ва болалик бўйича ўринбосари Сайфиддин Мўминов. – Айни пайтда эгизакларнинг саломатлигини назорат қиляпмиз. Уларни даволаш учун вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказининг интенсив терапия бўлими шифокорлари барча саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлигидан ҳам тегишли кўрсатмалар берилмоқда. Шифокорлар сиам эгизакларини даволашда етарли тажрибага эга. Гарчи, бу чақалоқлар бошқача кўринишда бўлса-да, аммо улардаги хасталиклар оддий туғилган чақалоқларники сингаридир.

Она фарзанди патология билан туғилиши ҳақида огоҳлантирилган. Аммо унинг хоҳишига кўра, ҳомила тўхтатилмаган. Тегишли қоидаларга кўра, онадан берухсат унинг ҳомиласини тўхтатишга шифокорларнинг ҳақи йўқ.

- Ҳозирда эгизак қизалоқлар сунъий нафас олдириш аппаратида бўлиб, аҳволи жуда оғир, - дейди вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази бош врачи ўринбосари Дилшод Раҳмонов. – Иккита юракда ҳам жиддий, мураккаб нуқсонлар мавжуд. Чақалоқларнинг ички органлари бир бошдан тўлиқ тиббий текширувдан ўтказилмоқда. Айни пайтда уларнинг ошқозони ҳам иккиталиги маълум бўлди. Эгизакларнинг саломатлиги бўйича тўлиқ ва аниқ маълумотларни айтиш учун қўшимча кўплаб тиббий текширувлар ўтказилиши керак. Афсуски, сиам эгизакларининг аҳволи оғир бўлиб, аппаратда бўлгани учун бу текширувларнинг барчасини амалга ошириш имкониятимиз йўқ. Диагностика учун эса замонавий аппаратларимиз бор.

Бундай ҳолда туғилган чақалоқлар Самарқандда ҳозирча биринчи, деб айтиш мумкин. Республикадаги мутахассислар билан ўрганиш натижаларига кўра, Ўзбекистонда олдин ҳам битта шундай ҳолат мавжуд бўлган. Чақалоқларга бирор бир жарроҳлик амалиёти улар тўлиқ ўрганиб чиқилгач, кейин амалга оширилади. Айни пайтдаги биринчи вазифамиз уларнинг ҳаётини сақлаб қолишдан иборат.

- 45 йиллик тажрибага эга шифокор сифатида айтишим мумкинки, Самарқандда бу ҳолатда туғилган сиам эгизаклари биринчиси бўлса керак, - дейди тиббиёт фанлари доктори Асқарали Сафаров. – Фаолиятим давомида икки марта сиам эгизаклари туғилган. Аммо улар кечки ҳомила ташлаш бўлиб, 5-6 ойликда она қорнида нобуд бўлганди. Уларни олиш жараёнида ҳомиланинг сиам эгизак эканлиги аниқ бўлган. Умуман, турли патологияли чақалоқлар туғилишининг олдини олишда оналарнинг саломатлигига эътиборли бўлиш жуда муҳим. Айниқса, илк уч ойликда ҳомиланинг ички органлари шаклланади. Шу пайти кимёвий дори истеъмол қилмаслик катта аҳамият касб этади.

Эслатиб ўтамиз, сиам эгизакларининг дицефал турига мансуб эгизак қизлар 27 июнь куни Самарқанд вилояти перинатал марказида кесарча кесиш натижасида туғилган. Улар битта тана, бир жуфт қўл ва оёқ, иккита юрак, иккита ўпка, иккита ошқозон ва битта бачадонга эга. Улар сиам эгизакларининг энг кам учрайдиган тури - дицефал парапагамларга тегишлидир.

Қизчаларнинг вазни 4600 грамм, бўйи 48 синтиметрни ташкил қилади. Маълумотларга кўра, дунё миқёсида туғиладиган сиам эгизакларининг 70-75 фоизи қиз болалар.

Гулруҳ МЎМИНОВА.