Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Қонунчилик палатаси ва соғлиқни сақлаш тизими ҳамкорлиги нималарда кўринди?

Амбулатор карта излаб юрмайсиз

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамкорлигида ҳар бир вилоятда намунали бирламчи тиббиёт муассасалари ташкил этиш ҳамда унга қўйиладиган талаблар юзасидан семинарнинг навбатдагиси Самарқандда ўтказилди.

Семинар аввалида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати А.Пардаев Самарқанддаги тиббиёт муассасаларидаги иш жараёни билан яқиндан танишди. Хусусан, Самарқанд шаҳридаги 4-оилавий поликлиникада ташкил этилган шарт-шароитлар, хусусан, электрон поликлиника хизматини кўздан кечирди.

- Поликлиника биноси илгари зах, қоронғи хоналардан ибора эди, - дейди Каттаариқ маҳалласида яшовчи 73 ёшли Зуҳра Ғуломова. – Ҳозир биринчи текширув учун ҳамма асбоблар бор. Замонавий, чиройли хоналар кўнгилни кўтаради.

Аҳоли поликлиникага киришданоқ, биринчи навбатда, рўйхатхонада амбулатор картасини излашига тўғри келарди. Ҳозир бу ҳолат бирмунча ўзгарган.

- Эндиликда поликлиника хизматидан фойдаланувчи ҳар бир кишининг соғлиги ҳақидаги маълумотлари компьютерга киритилган, - дейди регистратор Н.Файзиев. – Бирор врач қабулига келмоқчи бўлганлар электрон тизимга кириб, олдиндан навбат олиши мумкин. Аҳоли бу қулайликка аллақачон ўрганди. Ортиқча асаббузарлик, вақт кетказишлар камайди.

Жомбойда ҳам электрон поликлиника ташкил этилди

Самарқанддаги 9-оилавий поликлиника қайтадан қурилмоқда. Поликлиника бош врачи А.Саидовнинг айтишига қараганда, бунинг учун маҳаллий бюджетдан 4 миллиард 300 миллион сўм миқдорида маблағ ажратилган. Келгуси йил май ойида топширилиши керак бўлган муассасани муддатидан олдин, шу йилнинг охирида фойдаланишга топшириш режалаштирилмоқда.

Электрон поликлиника тизими, шунингдек, Жомбой туманидаги 4- қишлоқ оилавий поликлиникасида ҳам ташкил этилди. Вилоятдаги тиббиёт муассасалари раҳбарлари мазкур тажриба билан танишар экан, келгусида бу тизимни ўз туманларида ҳам жорий этиш ҳақида ўйлашди.

Врачларнинг қабул кунлари барча поликлинкаларда электрон тарзда илиб қўйилганини кузатиш мумкин. Аммо шаҳар поликлиникалари билан бир қаторда, қишлоқ оилавий поликлиникасида ҳам рўйхат рус тилида ёзилган.

300 та операция амалга оширилди, навбатда 3,5 мингта бемор болалар

Семинарнинг асосий қисми вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида бўлиб ўтди. Ушбу марказда ташкил этилган кардиохирургия бўлимида шу йилнинг ўзида 300 дан зиёд юрак операциялари ўтказилган.

- Ушбу бемор болаларнинг 40 фоизи операция қилинмаса, уларнинг ҳаёти хавф остида қолади, - дейди марказ бош шифокори М.Азизов. – 2018 йилда Президентимиз ташаббуси билан ушбу бўлим ташкил этилгач, зарур барча ускуналар келтирилди. Асли самарқандлик, Москвадаги Бакулев номли шифохонада иш бошлаган мутахассислар Россиядаги Ўзбекистон элчихонаси ходимлари кўмагида Самарқандда иш бошлади. Операцияларнинг 80 фоизи маҳаллий ҳокимликлар ва турли фондлар ёрдамида амалга оширилмоқда. Келгуси йилдан бошлаб бир йилда мингта шундай операцияни амалга ошириш кўзда тутилган. Бу яқин икки-уч йилда ҳозирги 3,5 минг кишилик навбат кузатилмайди деганидир. Қолаверса, келгуси йилдан чақалоқлар кардиохирургияси бўлими очилиши ҳам режалаштирилган бўлиб, бу ҳолат гўдаклар ўлими сонининг камайишида муҳим аҳамиятга эга.

- Қарийб 500 минг киши фақат давлат тасарруфидаги тиббиёт муассасаларида фаолият кўрсатади, - деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов. - Бу аҳоли саломатлигини асрашдек муҳим йўналишни ўз ичига олган жуда катта тизим. Қонунчилик палатаси депутатлари, соғлиқни сақлаш тизими мутахассисларининг ҳудудларга чиқишининг йўлга қўйилиши соҳадаги бир қатор муаммоларнинг қалқиб чиқиши ҳамда уни ечимига оид қарорлар қабул қилинишига олиб келди. Бирламчи тиббиёт тизимини халққа янада яқинлаштириш, аҳолига қулайлик яратиш мақсадида тор мутахассислар хоналарини ҳудудларда ташкил этилган оилавий поликлиникаларда ташкил этиш шулар жумласидандир. Тизимни янада ривожлантириш, бу борада аҳоли фикрини ўрганиш лозим.

Гулруҳ МЎМИНОВА.