Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Собиқ ходимига меҳнат дафтарчасини бермаган МЧЖ 26 миллиондан кўпроқ иш ҳақи ва маънавий зарарни тўлади

Илҳом (исм ўзгартирилган) ўрта-махсус маълумотли бўлганидан сўнг жамиятда ўз ўрнини топиш ва оиласини таъминлаш учун 2016 йил январдан масъулияти чекланган жамиятида савдо вакили сифатида иш бошлайди. У бу ерда 2018 йилнинг майига қадар ишлайди.

У билан меҳнат шарномасини бекор қилишган бўлса-да, Илҳомнинг меҳнат дафтарчаси ва меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги буйруқ нусхаси бермайди. Меҳнат дафтарчасини беришни директордан бир неча бор сўраши наф бермайди. Директор ҳар доим турли баҳоналар билан бу ишни пайсалга солиб келади. Шундан кейин 2019 йил июлда Илҳомнинг ёзма хатидан сўнг август ойида буйруқ нусхаси ва меҳнат дафтарчасини қайтариб беришади.

Илҳом меҳнат дафтарчаси бўлмаганлиги учун шунча вақт буён ишга жойлашмасдан сарсон бўлиб юради. Оқибатда маънавий азоб чекиб, бузилган ҳақ-ҳуқуқларини тиклаш учун судга даъво ариза қўзғатди. Аризасида МЧЖдан меҳнат дафтарчасини бериш кечиккан даври учун ўртача ойлик иш ҳақи ва маънавий зарар ундиришни сўрайди.

Иш ҳолатларига кўра, иш берувчи МЧЖ томонидан меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги 2018 йил 1 майдаги буйруқ нусхасига Илҳом меҳнат дафтарчасини олган вақт - 2019 йил 1 августда имзо қўйган. Ушбу ҳолат МЧЖ вакили томонидан суд мажлисида инкор қилинмайди.

Апелляция инстанция суди ажрими билан тарафлар ўртасида меҳнат муносабатлари 2018 йил 1 майда тугатилган бўлса-да, бироқ иш берувчи томонидан Илҳомга меҳнат дафтарчаси 2019 йил 1 августга қадар берилмасдан меҳнат қонунчилиги талаблари бузилганлигига ҳуқуқий баҳо берилиб, жавобгар МЧЖдан даъвогар фойдасига 26 247 270 сўм миқдорда иш ҳақи ва 1 749 818 сўм маънавий зарар ундирилиш белгиланди.

Ушбу суд ажрими ҳозирда тўлиқ ижро этилиб, Илҳомга иш ҳақи ва маънавий зарар ундириб берилган.

Гулру ЭСАНОВА,

фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди судьяси.