Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Сўнгги парвоз

Метин қояда ҳайбатли бир бургут атрофга ғамгин қараб турарди. Қоялар орасида совуқ шамол изғир, қор парчалари тўзғиб ётарди. Бургутнинг шундоқ қаршисидаги қузғун жасадининг ярми чириган, ўлакса қуённи чўқилаб емоқда эди.

- Ҳой, бургут, бу туришда очингдан ўласан, - деди қузғун қанотларини бир-бирига ураркан. - Кел, е. Буни сен учун топиб келдим.

Бургут ўлаксага жирканиб қаради.

- Сасиган этни ейманми? Мен иссиқ эт ейишга кўникканман. Ҳаром этдан ҳазар қиламан.

- Гапинг тўғридир, аммо ўлиб кетасан.

Бургут индамади. У бир неча кундан бери оч эди. Бўрон неча кундирки, тингани йўқ, бирор нима овлай деса имконсиз. Очлик уни енга бошлаган эди. У ҳар замонда қанотини зўрға қимирлатиб қўярди.

Қузғун қуённи унинг оёқлари тагига тортиб келди.

- Биламан, - деди у бургутга тик боқиб, - сен ўлакса емайсан. Бунга ғуруринг йўл қўймайди. Лекин тирик қолиш учун е. Кучга кирасан ва ўлжа излайсан.

Бургут бошини буриб олди.

- Бу исқиртни оёғим тагидан йўқот.

- Ҳеч кимга айтмайман.

- Ҳеч кимга айтмайсан? Мен ўз виждоним олдида айбдор бўлиб қоламан. Ўлаксани есам бутун бургутлар иснодга қолади.

Бургут ўз сўзида турди. Мадори қочавергач, қоя лабига келди-да, пастга қараб шўнғиди. Кучсиз қанотлари уни кўтаролмасди. Оқибатда чирпирак бўлиб айланиб, яланғоч тошга бориб урилди.

Унинг бу қилиғидан ҳайратга тушган қузғун бургутнинг ёнига учди. Ёнига келганида бургут аллақачон жон таслим қилиб бўлганди...

Ўлакса ейишни бутун авлод-аждоди учун ор деб билган бургут сўнгги парвозни амалга оширганида юзлаб чақирим наридаги шаҳардаги тўйхонада бетига келинчаклардай упа суртиб, видеода чиройли чиқиши учун лабини андак қизартириб олган куёвбола кайвони онахоннинг жонқирқар сўзлари остида атрофдагиларга эгилиб салом берарди.

- Куёв салом, куёв салом,

Қайнотасига бир салом...

Шониёз МЕЛИБОЕВ.