Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Сталиннинг “шамчироғи” тўғри йўлга бошлаганмиди?

Яқингача ҳар қандай китоб, нашр (айниқса, кириш қисми) "айтганларидек", "таъкидлаганларидек" деган иборалар билан бошланарди. Ўша вақтда буни ҳеч ким эътиборга олмаган. Худди асли шундай бўлиши керакдек, қабул қилинарди. Тадқиқот қайси йўналишда олиб борилган бўлса, албатта шу сўз билан бошланиши керак ва иш гўё ўша фикрни исботлашга қаратилгандек кўринарди.

Тўғри, Шарқ мамлакатларида саройга яқин мулозимлар ҳукмдорни мақтовларга кўмиб, “яхшисини ошириб, ёмонини яшириб” тамойили асосида китоблар битган. Лекин бу ҳар бир ҳукмдор ёки сулола учун кўпи билан бир-икки тарихчидан ошмаган.

Биз эса кейинги 80 йил давомида оммавий равишда гоҳ у сиёсатчини, гоҳ бунисини алқаб, доно фикрларини келтириб, илмий адабиётлар нашр этдик, мақолалар ёздик, диссертациялар ҳимоя қилдик. Оқибатда одамлар онгида тарих ўзгарувчан, ҳамма ўзига мослаб талқин қилса бўладиган фандек кўрина бошлади. Ҳатто булар қоида тарзида одамлар онгида ўрнашди. Аслида фан чексиз ва у ҳар қандай доно фикрни инкор этиши мумкин.

“Хўш бунинг нимаси ёмон?" дегувчилар ҳам топилади.

Гап шундаки, 1937 йилда И.Сталиннинг "ВКП(б)нинг қисқача сиёсий тарихи" рисоласи нашр этилди. Бу “қисқача” брошюра совет давлати яшаган бутун даврда тарихий тафаккурни йўналтириб борувчи "шамчироқ" вазифасини ўтади. Яъни, тарихга синфий нуқтаи назардан ёндашиш, ҳар қандай тадқиқот охир-оқибат коммунистик мафкуранинг нақадар “ҳаққоний” эканлигини исботлашга қаратилиши лозимлиги уқтирилди. Шундан бошлаб барча нашрларда улуғ доҳий В.И.Ленин ва бири иккинчисини инкор қилувчи партия съездларидан иқтибос келтирила бошланди. Хуллас "брошюра" ўзининг миссиясини ортиғи билан ўтадики, тадқиқотчилар тугул, оддий ўқувчи ҳам тарихий адабиётнинг шу жойини ўқимай ташлаб кетадиган ёки ижирғаниб, отиб юборадиган бўлди.

Кейинги вақтларда тарихий адабиётлар, илмий тадқиқот ишлари бундай ҳолатлардан холи тарзда нашр этилаётгани қувонарли, албатта. Тўғри-да, агар юқоридаги ҳолат давом этадиган бўлса, тарих сиёсатга хизмат қиладиган бўлса, бизнинг жамият собиқ якка партияли тузум сарқитларидан бутунлай халос бўла олмайди.

Маҳмудхон ЮНУСОВ,

Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси бош муҳофизи.