Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Стресcни мустақил енгиб ўтиш мумкинми?

Биз асабийлик, деб бепарво ўтиб кетадиган хасталик жиддий асоратларга, ҳатто ўз жонига қасд қилишгача бўлган ҳолатларга олиб келиши мумкинлигини таъкидлаб ўтгандик. Бу ҳақда ота-оналар, ўқитувчилар, хотин-қизлар, оилалар билан ишлайдиган мутахассислар, умуман, ҳар бир инсон яхши билиши ва шунга кўра ўзига эътиборли бўлиши талаб этилади.

Хўп, депрессия, стресснинг келиб чиқиш сабаблари нимада?

Улар турлича бўлиши мумкин. Мисол учун, бир хил меҳнат тарзи, касбий ўсиш йўқлигини, меҳнатнинг кераксиз эканлигини ҳис қилиш, яшаш учун ноқулай шароит, иш ҳақининг пастлиги, тартибга солинмаган иш, дўстона мулоқотнинг йўқлиги, тўлақонли дам олмаслик кабилар.

Стресснинг олдини олиш учун нималарга эътибор қаратиш керак? Эмоционал тангликни енгишнинг асосий йўли - жисмоний машғулотлардир. Айниқса, сузиш, сув спорти билан шуғулланиш жуда катта ёрдам беради. Китоб ўқиш, табиат қўйнида сайр, дўстлар билан мулоқот ҳам самарали восита.

Ҳаётдаги вазиятни ўзгартиришнинг иложи йўқми, унга бўлган муносабатни ўзгартиринг. Эмоционал салбий кечинмаларингизни диққат билан қайта таҳлил қилинг. Балки бўлаётган воқеа-ҳодисалар кучли даражадаги ҳис-ҳаяжонга арзимас. Диққатингизни ижобий нарсага қаратинг. Дилингиз хуфтон бўлганда ҳаётингиздаги вазият сизга кўрингандан кўра яхшироқ бўлиши мумкин. Кайфиятингизга таш­қи кўринишингизга эътибор бергандек муносабатда бўлинг, сержаҳллилик ва жиззакилигингизга касаллик манбасидек қаранг. Спорт билан шуғулланишга ҳаракат қилинг. Маълум вақт ўтгач, сиз нафақат феълингизда, балки танангизда ҳам ижобий ўзгаришни сезасиз.

Алоҳида таъкидлаш керакки, стресс, асабийликнинг сабаблари ўсмирларда бошқачароқ кечади. Бу ҳолат кейинги мақолаларимизга мавзу бўлади.

Ж.ШОМИРЗАЕВ,Б.РАЗЗОҚОВ,олий тоифали психиатр шифокорлар.