Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

“Тадбиркор”дан 2 мингтага яқин ниқоб олиб қўйилди

Мамлакатимизда коронавирус тарқалиши туфайли эълон қилинган карантин даврида озиқ-овқат маҳсулотлари ва зарур тиббий буюмлар нарх-навосининг асоссиз ошишига йўл қўймаслик, шундай ҳолатларга олиб келувчи омилларга чек қўйишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда республикамизнинг турли ҳудудларида ўтказилаётган акциялар, масалан бепул тиббиёт ниқоблари ва бошқа зарурий ашёлар тарқатилаётганига гувоҳ бўлаяпмиз. Бу халқимизнинг ҳамжиҳатлигини, олижаноб тадбиркорларимизнинг саховатпешалигини кўрсатиб турибди.

Таассуфки, юзага келган вазиятдан ўз мақсади йўлида фойдаланиб, мўмай даромад топиш илинжида юрган фуқаролар бор экан. Самарқанд вилояти давлат солиқ хизмати органлари томонидан олиб борилаётган назорат тадбирлари давомида оғир дамларда ҳамюртларимизга наф келтириш ўрнига нафс тўрига илиниб, ноқонуний фаолият юритаётганлар сири ошкор бўлаётир.

Жумладан, “Каттақўрғон шаҳар деҳқон бозори” масъулияти чекланган жамиятига қарашли Яшил бозорда ўтказилган назорат тадбирида фуқаро Ж.З. тиббий буюмлар савдоси билан ҳужжатсиз шуғулланаётгани аниқланди. Фуқародан умумий қиймати 4 миллион 226 минг сўмлик 1947 дона тиббиёт ниқоби, 43 та қўлқоп, 164 флакон этил спирти олиб қўйилди.

Нарпай туманидаги “Мирбозор бозори” масъулияти чекланган жамиятида ўтказилган назорат тадбирларида эса фуқаролар Ҳ.Р., З.Х., О.Б. ва И.Қ. давлат рўйхатидан ўтмасдан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдоси билан шуғулланиб келаётгани маълум бўлди. Натижада улардан жами қиймати 1840500 сўмлик 409 килограмм картошка олиб қўйилди.

Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси матбуот хизмати.