Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Тадбиркорларга халал берилмаган, босим ўтказилмаган

Жорий йилнинг 13 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда “Тадбиркорлар: солиқчилар айни савдо қизиганда халал бермоқда” сарлавҳали мақола эълон қилинди. Ушбу мақолада Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳридаги “Samkat Oasiz durdonasi” масъулияти чекланган жамиятига тегишли савдо комплексида давлат солиқ инспекцияси ходимлари айни одам гавжум пайтида тадбиркорларнинг ҳужжатларини 20 дақиқалаб текшириб, савдо вақтида халал бераётгани, босим ўтказаётгани иддао қилинади.

Ҳолбуки, ноябрь ойининг ўтган даврида Каттақўрғон шаҳар давлат солиқ инспекцияси “Samkat Oasiz durdonasi” масъулияти чекланган жамиятига тегишли савдо комплексида профилактик чора-тадбирлар амалга оширилган. Назорат тадбирлари давомида тегишли тартибда давлат рўйхатидан ўтмасдан савдо фаолияти билан шуғулланиб келаётган фуқаролар аниқланган. Профилактика тадбирлари самарасида ҳужжатсиз иш юритиб келган 9 нафар фуқаро давлат рўйхатидан ўтказилди ва бир нафар якка тартибдаги тадбиркор фаолияти тикланди.

Бундан ташқари, савдо комплексида жисмоний шахслар эгалигида бўлган нотурар жой объектларидан ижара шартномаси асосида фойдаланиш бўйича ҳам ўрганиш ўтказилди. Ўтказилган ўрганишлар натижасида 8 нафар фуқаро ўртасида ижара шартномалари расмийлаштирилди.

Мақолада иддао қилинганидек, бу тадбиркорларга босим ўтказиш ёки халал бериш эмас, аксинча қонуний фаолиятни рағбатлантириш, ноқонуний иш юритиш ҳолатларига барҳам беришга қаратилган чора-тадбирлардир.

Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, бугун давлат солиқ хизмати органлари олдига қўйилган устувор вазифа тадбиркорларнинг ишончли бизнес ҳамкорига айланиш, инсофли солиқ тўловчиларни ҳар томонлама рағбатлантиришдан иборат.

Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси ахборот хизмати.