Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Таиланддан Фарғонага чартер рейс орқали 257 нафар йўловчи келди

Бугун, 26 март куни соат 05:25 да Фарғона халқаро аэропортида Таиланднинг Бангкок шаҳридан учган авирейс қабул қилинди.

Фарғона вилояти ҳокимлигининг коронавирус касаллигига қарши курашиш ва тарқалишининг олдини олиш бўйича вилоят штабидан олинган маълумотга кўра, самолёт бортида 257 нафар мамлакатимиз фуқаролари фавқулодда ҳолатдан келиб чиққан тартиб-қоидалар асосида кутиб олинди.

67 эркак, 163 аёл, 27 вояга етмаган, шундан, 255 нафари Ўзбекистон фуқаролари, 1 нафар аёл Россия ва 1 нафар эркак Украина фуқароси бўлган.

Бир нафар фуқаро - 2010 йил 7 майда туғилган, Тошкент шаҳар, Юнусобод туманида яшовчи М.Огородников қаровчиси йўқлиги бўлганлиги сабабли шу рейснинг ўзида Тошкент шаҳрига юборилди.

Йўловчиларнинг ҳар бирига нисбатан тиббий-профилактик нуқтаи назардан қаттиқ назорат ўрнатилган. Улар Риштон туманидаги соғломлаштириш марказида карантинга жойлаштирилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фарғона вилояти юқумли касалликлар шифохонасида олти нафар коронавирус инфекциясини юқтирган бемор даволанаётгани ҳақида маълум қилган. Бу аёлларнинг бири Туркиядан, иккинчиси Умра зиёратидан келган.

Шунингдек, вилоятда эндемик давлатлардан келган 211 нафар фуқаро шифохона шароитида, 1 минг 528 нафари уй шаротида карантинга олинган.